Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2017 йил 31 декабрда бўлиб ўтган 29-сессиясида туман маҳаллий бюджетининг 2017 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2018 йилги маҳаллий бюджет параметрлари тўғрисидаги масала муҳокама этилиб, депутатлар томонидан тасдиқланди.
2017 йилда туманимизда қулай макроиқтисодий муҳит шакллантирилиши натижасида маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисми 39 млрд 540 млн. сўм ёки 101.6 фоизга бажарилди.
Маҳаллий ҳокимлик органларини молиявий мустақиллигини кучайтиришни таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бошлаб Юртбошимиз ташаббуслари билан маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозининг ошириб бажарилган қисми ва бошқа манбалар ҳисобидан 397,7 млн. сўм туман ҳокимлиги ихтиёрида қолдирилди.
Ушбу йўналиш эса туманнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, мустақил равишда қўшимча дастурларни амалга ошириш имконини яратмоқда.
Туман бюджетининг харажатлар бўйича ўтган йилда ижроси таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, йил якунлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг жами харажатлари 76 млрд 587 млн. сўмга етиб, ушбу маблағларнинг 92.9 фоизи ёки 71 млрд 157 млн. сўми ижтимоий соҳа ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўҚри келмоқда.
Бюджет харажатлари тармоқлар кесимида кўриб чиқилганда, таълим соҳаси харажатлари 55 млрд 793 млн. сўмни ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бундан ташқари, ўтган йилда давлат инвестиция дастурига асосан Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника ривожлантириш жамғармасидан 75 ўринга мўлжалланган 1 та мактабгача таълим муассасасига 700.0 млн. сўм капитал реконструкция ва таъмирлаш харажатлари учун маблағ ажратилди.
Якунланган йилда туман бюджетидан соғлиқни сақлаш харажатлари учун кўзда тутилган 14 млрд 488 млн. сўм ёки 2016 йилга нисбатан 9.3 фоизга кўп маблағ ажратилиб, ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириб беришга эришилди.
Ўз навбатида маданият ва спорт харажатларига кўзда тутилган 875.9 млн. сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилди.
Тумандаги ижтимоий соҳа объектларини 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида қарийб 3.1 минг тонна кўмир ёқилғисини сотиб олиш ва етказиб бериш харажатларига 825.6 млн. сўм, биноларнинг том қисми ва иссиқлик тизимини таъмирлаш, иситиш қозонларини ўрнатиш харажатларига, жумладан 22 та халқ таълими муассасалари, 4 та соғлиқни сақлаш муассасалари ва 1 та давлат бошқаруви муассасасига, жами 811.3 млн. сўм маблағ ажратилиб, белгиланган муддатларда тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун кўзда тутилган қарийб 2 млрд 184 млн. сўмлик харажатлар ўз вақтида амалга оширилди.
Энди 2018 йилга мўлжалланган туман маҳаллий бюджети, бюджет ва солиқ сиёсатини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларига эътибор қаратсак.
Маҳаллий бюджет лойиҳасини тузишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда солиқ-бюджет сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, солиқ сиёсати бўйича:
1-йўналиш - Президентимизнинг солиқлар сонини қисқартириш ва солиқ юкини енгиллаштириш, биринчи навбатда, йирик корхоналар, базавий корхоналарни қўллаб-қувватлаш юзасидан берган топшириқларига мувофиқ, амалга оширилди.
Биринчидан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (7,5 фоиз) ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари (8 фоиз) ягона солиққа – фойда солиғига бирлаштириш ва умумий ставкани амалдаги 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш.
Иккинчидан, пенсия жамғармаси (1,6 фоиздан 1,5 фоизгача), республика йўл жамғармаси (1,4 фоиз сақланиб қолади), таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига (0,5 фоиздан 0,3 фоизгача) мажбурий ажратмаларнинг умумий ставкасини 3,5 фоиздан 3,2 фоизга камайтирилди.
Учинчидан, ўсимлик ёки бўйича акциз солиғи ставкасини (бир тоннаси учун 919 минг сўм) 50 фоизга қисқартириш ҳисобига фермерлар даромадини кўпайтириш мақсадида, пахта толаси ҳамда чигит нархи оширилди.
Тўртинчидан, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражаси пасайтирилиб, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратма миқдорини амалдаги 1 фоиздан 2 фоизгача оширилди.
Бунда учинчи шкала 17 фоиз ўрнига 16,5 фоиз, тўртинчи шкала 23 фоиздан 22,5 фоизга камайтирилди.
Бешинчидан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди.
2-йўналиш - Президентимизнинг маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлашни рағбатлантириш, маҳаллий ҳокимиятларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш юзасидан қатъий белгилаб берган топшириқлари юзасидан амалга оширилган ишлар самараси.
Бунда, биринчидан, туманга шундай солиқ турлари қолдирилдики, ушбу солиқлар базасини кенгайтириш ва уларни йиғиш солиқ органларининг бевосита фаолияти самарадорлигига боғлиқдир.
Бу солиқлар қуйидагилардан иборат:
-жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
-жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
-тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун қатъий белгиланган солиқлар;
-бозорлардан тушадиган даромадлар;
-айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ва хизматларнинг алоҳида турларини кўрсатиш учун олинадиган йиғимлар.
Иккинчидан, туман даражасида қуйидаги солиқларни туман маҳаллий бюджетларига уларнинг харажатларидан келиб чиқиб тақсимланмоқда:
-кичик корхоналардан ягона солиқ тўлови;
-ягона ер солиғи;
-юридик шахсларнинг ер ва мулк солиқлари;
-жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.
Учинчидан, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи қуйидаги тадбирлар амалга оширилади. Хусусан:
– ягона солиқ тўловчи кичик корхоналарнинг ер майдонининг бир гектардан ортиқ қисмига ер солиғи киритиш таклиф этилмоқда.
– жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, шу мулкнинг бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қийматидан олишга ўтилади.
Бунда солиқ солиш базасининг ўсиши – уйларнинг кадастр нархини белгилаш ҳисобига солиқ ставкаси 1,7 фоиздан 0,2 фоизгача камайтирилади.
Бундан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэффициент қўлланилади.
- маҳаллий ҳокимият идораларига, айрим маҳаллий солиқлар бўйича, ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб, базавий ставкаларни камайтирувчи (0,7) ва кўпайтирувчи (1,3) коэффициентлар қўллаш ҳуқуқини бериш таклиф этилди.
3-йўналиш - маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш, табиий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда айрим турдаги маҳсулотлар истеъмолини оптималлаштириш мақсадида:
– ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг қатъий белгиланган ставкаларини 15 фоизга индексация қилинди.
– алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини маҳсулот турига қараб, 10 фоиздан 27 фоизгача, сигаретлар учун – 50 фоиз, пиво учун – 20 фоизга индексация қилинди.
Солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш борасида кўриладиган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, 2018 йил туман маҳаллий бюджети даромадлари 18 млрд 866 млн. сўм миқдорида, харажатларига 99 млрд 666 млн. сўм миқдорида белгиланган. Шундан, ижтимоий соҳа харажатларига 91.5 фоизини ёки 91 млрд 199 млн. сўм йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим харажатларига 72 млрд 277 млн. сўм ёки 72.5 фоизи миқдорида, соғлиқни сақлаш соҳасига 17 млрд 684 млн. сўм ёки бюджет жами харажатларининг 17.7 фоизи миқдорида, бу ўтган йилга нисбатан 1.2 баробар кўп, маданият ва спорт соҳасига 1 млрд 237 млн. сўм маблағ ажратилади.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш харажатларига 3 млрд 245 млн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилди.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб туман маҳаллий бюджетининг умумий ҳажмидан 1 фоиз миқдорда заҳира жамғармаси шакллантирилиши кўзда тутилган бўлиб, назарда тутилган мақсадлар учун жами 986.8 млн. сўм маблағ йўналтирилади.
Жорий йил 1 январдан бошлаб халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўловлари трансферт тарзида молиялаштирилади (жами 80 млрд 800 млн сўм).
Муҳими берилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланишдир.
Бунинг учун уларни ўз ўрнида ва тежамкорлик билан сарфлашга асосий эътиборни қаратмоқ керак бўлади.
Ибодулла САЙФИДДИНОВ,
туман молия бўлими мудири.