Конституция – сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, "ўрнатиш, белгилаш, тасдиқлаш, тузук” маъноларини билдиради. У давлатнинг Асосий қомуси бўлиб, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва ҳокимият, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи кучдир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат. Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Қонунларимизнинг ҳар бир сатрида "Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – инсон” деган фикр асосида "фуқаро – жамият – давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечими ҳар томонлама асослаб берилган.
Асосий қонунимизнинг 24-моддасида: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир", — деб белгиланган.
Яшаш ҳуқуқи — инсоннинг туғилиши билан вужудга келувчи, унинг биологик мавжудлигини таъминловчи ҳамда давлат томонидан муҳофаза этилувчи ҳуқуқ саналади.
Инсон ҳаёти ҳақида ғамхўрлик қилиш унинг дунёга келишидан анча аввалроқ бошланмоғи лозим. Бунинг учун ҳуқуқий пойдевор яратиш билан бир қаторда кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш тақозо этилади. Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда оналик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилишга, қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилганки, уларнинг бош мақсади болалар ўлимининг олдини олиш, экологияни яхшилаш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, она ва боланинг фаровон турмуши учун зарур моддий-маънавий асосларни яратишга қаратилган.
Шунингдек, Конституциямизнинг 25-моддасида: Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” дейилган. Бундан кўриниб турибдики, Қомусимиз аввало инсон эркинлиги, озодлиги ва дахлсизлигини кафолатлайди. 26-моддасида: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас” дейилган. Демак, шахснинг дахлсизлиги, эркинлиги ва озодлиги асосий Қонунимизда энг устувор йўналиш сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.
Асосий Јонунимизнинг “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби фуқароларнинг меҳнат қилиш, мулкдор бўлиш, меросхўр бўлиш, билим олиш, илмий-техникавий ижод эркинлиги, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқларини кафолатлайди. Хусусан, 37-моддада, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади” деб белгиланган. Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистонда қонун тартибида ва кундалик ҳаётда ҳар бир инсонга тўлиқ эркин иқтисодий фаолият, ўз меҳнатини сарфлайдиган соҳани ва шаклини эркин танлаш таъминланади. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар.
Ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган конституциявий меъёрларни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун аниқ механизмни яратиш мақсадида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат кодекслари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Тобора глобаллашиб бораётган, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги даврда қонун устуворлиги таъминланган, эркин фуқаролик жамияти сари қадам ташлар эканмиз, ҳар биримиз жамият ривожининг фаол бир бўғини эканлигимизни, қонун устуворлиги таъминланишида, ҳуқуқий маданиятнинг юксак даражада шаклланишида, қолаверса фаровон ҳаётимизда тинчлик байроғимиз юксакларда ҳилпирашида Конституциямиз нақадар беқиёс кафолат маёғи эканлигини ҳар биримиз теран англамоғимиз лозим.
Ҳ.РАСУЛОВ.