Судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилиб келинмоқда.
Президентимизнинг шу йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида қабул қилингани билан аҳамиятли.
Бинобарин, ушбу қарор билан 2020 — 2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Дастурда тизим фаолиятига оид бир қатор муҳим ўзгаришлар акс этди. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури доирасида 2020-2023 йилларда судлар фаолиятида қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш белгиланган, жумладан:
- 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
- 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
- 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида "SMS" хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
- 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, шу йилнинг 1 июлига қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш.
- 2023 йил 1 январдан суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш ташкил этилиши мустаҳкамланади.
Албатта, буларнинг барчаси суд ҳокимияти органлари фаолиятида янги имкониятларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Зеро, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, судлар қарорини интернет тармоҚида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилиши соҳанинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаб, иш натижадорлигини оширади.
Илҳом ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.