“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади.
Судлов таркибига инвестиция киритилган санада 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.
Бунда:
инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;
қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилади:
судларнинг тузилиши, туман (шаҳар), туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг, Ўзбекистон Олий судининг, Ўзбекистон Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг, Пленумининг ваколатлари доираси;
судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларга нисбатан қўйиладиган талаблар;
судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби;
судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш;
судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби;
судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби;
судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари.
Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:
вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.
Фармон билан судьялар мақомини кучайтиришга қаратилган бир қанча янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилмоқда.
Ўйлаймизки, фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси янада мустаҳкамланади.
Ҳ.РАСУЛОВ.