Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов туманимиз аҳолиси билан “Сайёр қабул” ўтказди.
Туман марказидаги “Ўрикзор” базмгоҳида ташкил этилган ташкил этилган ушбу қабулда туман ҳокими ўринбосарлари, жиноят, маъмурий туман судлари, фуқаролик, иқтисодиёт ишлари бўйича Иштихон туманлараро судлари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
К.Комилов 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, одил судлов, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Мамлакатимизда судлар фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда. Жумладан, судлар амалиётига татбиқ этилган E-Sud – Миллий электрон судлов ахборот тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштиришни, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилишни ҳамда вақти-вақти билан унинг натижаларини эълон қилиб боришни, адвокатурани ривожлантиришни, нотариат тизимини ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилишни ҳам тақозо этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизнинг демократик қадриятлар тарафдори эканининг ёрқин ифодасидир.
Суд органлари фаолиятининг такомиллаштирилгани, судьяларни тайинлашда кенг жамоатчилик фикри инобатга олинаётгани, судланувчиларга жазо қўллашда халқ билан бамаслаҳат иш тутилаётгани, давлат ва жамоат ташкилотлари кафиллиги асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланаётгани соҳадаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 июлда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса суд органларининг фаолиятидан халқимизни хабардор этиш, аҳоли билан яқинлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Сайёр қабулда фуқароларнинг суд ҳукмларидан норозилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бевосита Олий судга қилган туманимиз, шунингдек, вилоятимизнинг бошқа туманлари ҳатто қўшни вилоятлардан ташриф буюрган фуқароларнинг ҳам мурожаатлари тингланди.
Олий суд раиси К.Комилов ҳар бир мурожаатчини эшитиб, уларнинг масалалари бўйича тегишли тартибда жавоб берди.
Ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларга муддат белгиланиб, фуқаролар бундан хабардор қилиниши айтилди.
Бу каби учрашувлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.
Б.МАМАДИЁРОВ олган суратлар.