Ҳиммат ОҚБЎТАЕВ,
Қўшработ тумани ҳокими
Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрли қўшработликлар!
Авваламбор, Сиз азизларни, мўътабар нуронийлар, меҳрибон опа-сингилларимизни, азму-шижоатли ёшларимизни кириб келган янги йил - 2021 йил билан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахт-у саодат тилайман, кириб келган йилимиз баракали ва омадли бўлсин.
Ҳурматли тумандошлар!
Ўтган йил биз учун анча синовли йил бўлди. Йил бошида яхши ниятлар қилиб, ўз олдимизга катта мақсадлар қўйган эдик. Афсуски, юртимизга кириб келган коронавирус касаллиги белгилаб олган режаларимизни бажаришимизда бир мунча қийинчиликлар туғдирган бўлсада, Президентимизнинг “пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак” деган фикрлари асосида қанчалик қийин бўлмасин, биз олдимизга қўйган вазифаларимизни яхши натижалар билан уддаладик.
Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Президентимиз томонидан бир қанча Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Сўнгги вақтда жаҳонда, шу жумладан, қўшни давлатларда карантин чекловларининг амал қилиш муддати узайтириб борилаётганлиги, шунингдек, янги 2021 йил кириб келаётганлигини инобатга олиб, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Туманимизда ҳам жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш, аҳолининг коммунал соҳадаги муаммоларини тезкор ҳал қилиш бўйича туман штаби фаолиятини йўлга қўйдик. Хусусан, фуқароларимиз 66-646-16-71 рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳурматли тумандошлар. Кўпчилигимизни бозорларимиздаги нарх-наво қизиқтиради. Аҳолимиз асосан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишади. Албатта, бунда нарх-навонинг барқарор бўлиши муҳимдир.
Хабарингиз бор, туманда сабзавот, полиз ва картошка каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан бошқа тумандан келтирилиши нархларнинг асоссиз кўтарилишига, маҳсулотларнинг етишмаслик холатларининг кузатилишига олиб келар эди. Бу холат фуқароларимизни ҳам яшашга, ҳам ишлашга ўргатди.
Туманимизда бугунги кунга келиб фуқароларимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билим ва тажрибалари ошиб, аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларимиз томонидан 4,5 мингдан ортиқ сув қудуқлари қазилиши, қўшни туман ва вилоятлардан деҳқонларни жалб қилиб, аҳолини ўргатишимиз натижасида юқоридаги маҳсулотлар нафақат ўзимизнинг эҳтиёжимизни, балки қўшни туманларга хам сотиш имконини берди.
Аҳолининг ерга бўлган муносабати ўзгариб, 2400 нафардан ортиқ фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Биргина картошка етиштириш бўйича жорий йилда эрта баҳордан 700 гектардан ортиқ майдонга картошка уруғлари экилди.
Бундан ташқари, аҳолимиз томонидан ҳам ўз ховлиларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, бозорга бу маҳсулотларни олишга эмас, сотишга бораётгани ҳам сир эмас. Бунинг натижасида туманимиз бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси бўйича вилоятдаги энг арзон бозорлардан бирига айланди.
Ҳисоб-китобларимизга кўра, туман аҳолисига 2021 йил май ойига қадар 2 792 тонна гўшт, 1 311 тонна пиёз, 1 704 тонна сабзи, 3 409 тонна картошка, 14 159 дона тухум, 5 067 тонна ун, 642 тонна гуруч, 597 тонна ўсимлик ёғи, 721,1 тонна шакар каби маҳсулотларга эҳтиёжи борлиги аниқланди.
Ушбу эҳтиёжга эга 9 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 6 турдагиси тўлиқ туманнинг ички имкониятларидан қопланса, қолган маҳсулотлар шакар, гуруч, ёғ маҳсулотлари қўшни вилоят ва туманлар ҳисобидан қопланади.
Ҳозирда туманимизда асосан ўз деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотлардан 1 455,0 тонна картошка, 571,0 тонна пиёз, 396,0 тонна сабзи, 227,0 тонна гуруч заҳираси яратилган бўлиб, 7 та оддий ва музлатгичли, фермер хўжаликлари ҳамда маҳсулот етиштирувчи корхоналар омборхоналарида сақланмоқда.
Бугунги кунда туманимиздаги деҳқон бозорларида мол гўшти 55000 сўм, қўй гўшти 55000-60000 сўм, картошка 2500-3000 сўм, сабзи 1000-1300 сўм, пиёз 1200-1300 сўм, гуруч 7000-10000 сўм, тухум 1000-1100 сўм, шакар 7500-8000 сўм, ўсимлик ёғи 14000-14500 сўмгача сотилмоқда. Туманимиз бозорларида фақатгина цитрус меваларнинг нархи ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Янги йил арафасида ва байрам кунлари туманимизда ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида, деҳқон бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилди.
Ярмаркаларда гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, макарон, картошка, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, мевалар, шунингдек, 26 турдаги истеъмол маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига етказиб берилмоқда.
Ҳурматли тумандошлар!
Ўтган йили совуқ кунлар ноябрь ойидан бошланди. Бу эса аҳолимизнинг электр энергия, газ ва кўмирга бўлган эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлди.
Туманимиз бўйича 42 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 12 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2 671 та аҳоли хонадони табиий газга уланган. Уларда 41 дона юқори босимли ҳамда 199 дона ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмалари мавжуд бўлиб, тўлиқ кўрикдан ўтказилди.
Муҳтарам Президентимизнинг топшириқларига асосан республика миқёсида аҳолига етказиб берилаётган табиий газ босимининг оширилиши натижасида ҳозирда табиий газга уланган барча хонадонларга узлуксиз етиб бормоқда.
Туманимизнинг табиий газ тармоғи етиб бормаган маҳалла фуқаролар йиғинлари суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланмоқда. Шу ўринда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган газ баллонлари етишмаслиги муаммоларини ҳал қилиш мақсадида туманимизга қўшимча 15 мингдан ортиқ газ баллонлари келтирилиб, аҳоли хонадонларига тарқатилди. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Оқтепа ҳудудидан газ баллонларини тўлдириш хизмати ишга туширилди.
Шунга қарамасдан, туманимиз аҳолиси учун ҳозирда 1 765 дона газ баллонига эҳтиёж мавжуд. Бу бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланиб, муаммолар ечими бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Туманимиз аҳолиси қиш мавсумида ёқилғи маҳсулотларига эҳтиёж сезади. Сўзсиз бу борада туман аҳолисига кўмир ва брикет маҳсулотлари зарурдир. Бу бўйича туманнинг 19 974 та хонадонига 2 500 тонна кўмир, 500 тонна брикет, 500 тонна импорт кўмир етказиб берилиши белгиланган.
Туманимизда 2 та кўмир омбори мавжуд бўлиб – улар Қўролос ҳамда Жўш ҳудудида жойлашган. Ҳозирда Қўролос кўмир омборида 28 278 тонна, Жўш кўмир омборига 123,0 тонна кўмир келиб тушган бўлиб, арзон нархларда, маҳаллалар ҳудудига бориб тарқатилмоқда.
Совуқ кунларнинг бошланиши билан туманимизда электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши натижасида бир қанча узилиш холатлари кузатилди. Бугунги кунга келиб амалга оширган чора-тадбирларимиз ҳамда тезкор штабнинг ташкил этилганлиги натижасида, вилоятдаги бир қанча туманларга нисбатан туманимизда электр-энергиясидаги узилишларнинг камайишига эришилди. Охирги 10 кун ичида аҳоли томонидан электр-энергияси муаммоси билан боғлиқ мурожаатларнинг келиб тушмаганлиги бунинг яққол мисолидир.
Бу ишларимизни ҳали давом эттирамиз. Ишдаги камчиликлар бўйича бевосита аҳолимиз, жамоатчилик вакиллари ёрдамида ҳал этамиз деган умиддамиз. Чунки қаердаки, жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлса, ўша ерда иш унуми юқори бўлиб, хато ва камчиликлар тузатилади.
Хабарингиз бор, туманимизнинг Оқтепа ҳудудида табиий газ билан боғлиқ кўнгилсиз холатнинг кузатилгани, 2 нафар фуқаронинг ҳаётдан барвақт кўз юмишига олиб келди.
Шу ўринда, Сиз азиз тумандошлардан яна бир илтимосим, байрам кунлари табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланиш ва белгиланган хавфсизлик қоидаларга риоя қилишингизни сўраб қоламан.
Ҳурматли тумандошлар, мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда. Бу эса сизлардан янада кўпроқ соҳалар бўйича муаммоларни кўтаришингиз, ўз таклифларингизни бевосита билдириш имконияти яратилмоқда.
Халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб бормоқда. Туманда ўтган йилда кўплаб ижтимоий соҳа объектларининг қад ростлаши, саноатнинг жадал суратлар билан кириб келаётганлиги, тадбиркорлик фаолиятининг янада авж олаётганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Йил давомида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватланиши, турли соҳаларда инвестицон дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида туманда сезиларли инвестицон муҳит яратилди.
Янги йилда ҳам улкан эзгу ишларни биргаликда давом эттирамиз. Кўзда тутилган ушбу ишларнинг барча-барчаси, ҳеч шубҳасизки, ўзининг мантиқий якунига етказилади, кўзланган мақсадга эришилади.
Лекин шу нарсани унутмангки, бугунги синовли дамларда ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиб, ўз хонадонида фарзандларининг соғлиғи ва тарбияси билан машғул бўлиши пандемияни енгишда муҳим аҳамият касб этади.