Архив фаолияти ҳақида гап кетганда кўз олдимизга қалин-қалин папкалардаги ҳужжатлар кўз олдимизга келади. Вақт ўтган сари сарғиш тусга кирган саҳифалар “биз кимга керак бўларканмиз” деб сўраётгандай туюлади. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир ташкилот ҳужжатлари маълум муддат ўзида сақлангандан кейин архив муассасаларига топширилади. Орадан маълум муддат ўтгандан кейин эса у жисмоний ёки ҳуқуқий шахс томонидан талаб қилиб олиниши ва у ёки бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида фойдаланилиши мумкин.
Бугунги кунда туман давлат архивида жами 177 дан ортиқ фонд мавжуд бўлиб, уларнинг таркибидаги ҳужжатларнинг сони 27093 сақлов бирлигини ташкил этади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда туман давлат архивига мурожаатлар сони кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг март ойигача юридик шахслардан 6 та ҳамда жисмоний шахслардан 500 та мурожаат келиб тушган. Яъни ўтган 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 300 та мурожаат кўпайган.
Туман давлат архивига мурожаат қилувчи фуқаролар учун яхши шарт-шароит яратиш мақсадида алоҳида қабул қилиш хонаси очилган ва керакли ҳужжатларни топишингиз учун ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланган.
Лекин баъзи бир давлат ёки хўжалик юритувчи ташкилотларнинг ўз вақтида керакли ҳужжатларни архивга топширмаганлиги туфайли баъзи фуқароларимиз қийинчиликларга учрамоқда. Улар нафақа ёшига етганда ҳужжатларни талаб қилганда, афсуски, ҳужжатларни топишнинг имкони бўлмаяпти. Айниқса тугатилаётган корхоналар, фермер хўжаликларида катта муаммо юзага келмоқда.
Шунинг учун фуқароларимизнинг манфаатини кўзлаб, улар сарсонгарчиликларга учрамаслиги учун тумандаги ҳар бир ташкилот, корхона, хўжалик юритувчи субъектларига ҳужжатларни архивга топшириш бўйича эслатма тарзида хатлар юбордик. Бу борада баъзи бир ташкилотлар ҳужжатларни келиб топширишаяпти, аммо кўпчилиги ҳамон бу ишларга “панжа орасидан” қарамоқда.
Бизни кўпинча яна бир муаммо ўйлантиради. У ҳам бўлса аҳолининг архив иши ҳақида етарли маълумот, тушунчага эга эмаслигидир. Нафақага чиқиш ёки бошқа бир муҳим масалани ҳал этишда зарур бўладиган ҳужжатларни қаердан ва қандай олишни аксарият фуқаролар яхши билишмайди. Бу ишларни аҳолига тушунтириш учун тарғибот тадбирларини кучайтираяпмиз.
Архив ишига оид қонун ва норматив ҳужжатларни яхши билиш барча учун муҳимдир. Биз шу масала билан қизиққан фуқароларга ёрдам кўрсатиш, уларга зарур маълумотларни, маслаҳатларни беришга доим тайёрмиз.
Ж.ЭШМОНОВ,
туман давлат архиви етакчи мутахассиси.