Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Адирбой бобо Хўжанов Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинидаги Болғали қишлоғида истиқомат қилади. Бу йил 96 баҳорни қарши олган отахон урушнинг оғир дамларини бошидан ўтказиб, Ғалабага ўз ҳиссасини қўшиб, ўз она қишлоғига қайтиб келган.
Бугун бобонинг хонадони ҳамқишлоқлари, фарзандлари ҳамда невара, эвара ва чеваралари билан ҳар қачонгидан гавжум. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ушбу файзли хонадонга келиб, Адирбой бобони Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 73 йиллиги билан табрикламоқда.
Туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими, туман мудофаа ишлари бўлими, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Адирбой бобо Хўжанов хонадонига ташриф буюриб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг совғаси ва табрик хатини тантанали равишда топширди.
Туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев Адирбой бобонинг қўлига давлатимиз раҳбарининг туҳфаси – олтин соатни тақиб қўйиб, табрик хатини ўқиб берди.
Табрикдаги “Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга, бугунги ёруғ кунларимизни таъминлашга ҳисса қўшган Сиздек мард ва қаҳрамон юртдошимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман”, деган сўзлар Адирбой бобони тўлқинлантириб юборди.
– Дунёмизда доимо тинчлик бўлсин, шу кунларга етказганига шукр, – дейди Адирбой бобо. – Давлатимизнинг доимий эътиборидамиз. Ҳар куни уйимизга келиб, ҳол-аҳволимизни сўраб туришибди. Ўтган йил байрам арафасида “Дамас” машинаси олган эдик. Бу йил 5 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширишди. Бундай эътибордан хурсандчилигим беқиёс. Илоҳим, юртимизни ёмон кўзлардан асрасин, осмонимиз доимо мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
“Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши, Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи талабалари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам отахонни байрам билан табриклади.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Амир бобо Саксонов, Толлибой бобо Узоқовлар ҳам президентимизнинг қимматбаҳо совғаси - олтин соат ҳамда табрик хати топширилди.
УРУШ ФАХРИЙЛАРИГА ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Ўз мухбиримиз.