Картошка куяси – картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли ҳашорат ҳисобланади. Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланади. Уни дастлаб техаслик энтомолог олим Целлер 1873 йилда аниқлаган. Бугунги кунда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида кенг тарқалганлиги кузатилган.
Мамлакатимизда картошка куяси илк бор 2009 йилда Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Шовот, Гурлан, Қўшкўпир туманларида аниқланган. Зараркунандалар оиласига мансуб ушбу ҳашоратни ўсимликлар карантини инспекторлари пайқаб қолишган. Ҳозирда бу ҳавфли ҳашорат Тошкент, Сирдарё ҳамда Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида тарқалган. Ҳаво ҳарорати қанчалик баланд бўлса, куя шунчалик тез ривожланади. Аслида ҳашоратнинг бир авлод бериш даври ўртача 3-4 ҳафтани ўз ичига олиши керак, аммо ҳарорат 35 даражадан ошганда зараркунанда 16 кундаёқ оёққа туриши ҳеч гап эмас. Куя капалаги кичкина оч кулранг тусда бўлади. Олдинги қанотларининг узунлиги 12-15 миллиметр атрофида. Картошка кушандаси кўпроқ тунги ҳаёт тарзини маъқул кўради. Шунинг учун тажрибасиз фермер ёки деҳқон уни бир қарашда пайқаши мушкул. Урғочи капалак 3 кундан 14 кунгача яшаб, шу давр мобайнида ўрта ҳисобда 50-200 донагача тухум қўяди. Улар одатда баргларнинг ички қисмида, яъни картошка бандининг яқинида жойлашган бўлади.
Куянинг зарари кўпроқ ўсимликларининг ташқи кўринишида намоён бўлади. Зарарланган барглар қуриб, қўнғир тусга киради ва ёрилиб кетади.
Хўш, улардан қандай ҳимояланиш мумкинқ Агарда зарарланган ҳосилни шунчаки ташлаб қўйсангиз, билингки катта хатога йўл қўйган бўласиз. Энг аввало картошка поясини қуриб қолишидан 5 ёки 7 кун олдин ўриб олиб йўқотиш ҳамда хосилни имкон қадар тезроқ йиғиштириб олиш зарур. Акс холда куя қурти яна тупроқ остига қайтади ва хотиржам қишки уйқуга киради. Демак кейинги йил ҳам куядан зарар кўришингиз мумкин.
Белгиланган тартиблар асосида картошка туганаклари ва омборхонани бром-метил билан зарарлантириш, итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтлардан тозалаш ва далаларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш талаб этилади. Бунинг учун туманларда ташкил этилган “Ўсимликлар клиникаси”га мурожаат қилишингиз мумкин. Энг муҳими экин экишни бошлашдан аввал уруғли картошка материалларининг фитосанитар талабларига тўлиқ жавоб бериши борасида туманимиздаги ҳудудий инспекциямиз мутахассисларидан тегишли тавсиялар олишни унутманг.
А.АБДУСАИДОВ,
туман “Ўздавкарантин” инспекцияси мутахассиси.