Жорий йилнинг июнь ойи охирларида бошланган иссиқ ҳаво мана август ойи бўлишига қарамасдан ҳамон пасайгани йўқ. Туманимиз тоғли ҳудуд бўлгани билан ҳавонинг иссиқлиги кўпчилик аҳолимизни безовта қилиб қўйди. Хўш, ушбу иссиқ об-ҳаво яна қанча вақт давом этади?
Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази синоптиги Ирина Зайцева маълум қилди.
– Июль ойи бизда ҳам Ўрта Осиё ёзи учун ҳам жуда иссиқ келди, – дейди И.Зайцева. – Бу йил биз, Ўзбекистонда бутун метеорологик кузатувлар даврида барча ҳудудлар, хусусан Тошкентда ҳам энг иссиқ июль ойини бошдан кечирдик.
Эсингизда бўлса, 11 июлдан бошлаб ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-7 даражага, айрим жойларда эса ундан ҳам юқори бўлди. Бу вақтда ҳарорат 40-43 даражани, юртимизнинг шимоли, жанубда ва чўл ҳудудларида иссиқ авжига чиққанда 44-45 даражани ташкил қилди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўлларида эса жазирама 46-48 даражагача етди.
Тўғри орада ҳарорат бироз пасайган даврлар ҳам бўлди. Бироқ, жуда қисқа муддатда ўтиб кетгани боис, деярли сезилмади. Шу боис бу йилги июлнинг ўзига хослиги юқори ҳароратдагина эмас, балки жазирама даврнинг узоқ давом этганидадир. Мисол учун, кўпгина вилоятларда максимал ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган давр 10-17 кунни, жанубий ва чўл зоналарида эса 20-25 кунни ташкил қилди. Бу ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан анча юқори.
Қувонтирадиган хабар эса 10-11 августдан ҳаво ҳарорати ва 33-38 даражани ташкил қилиши кутилмоқда.
ЎзА хабарлари асосида тайёрланди.