Туманимиз фермер хўжаликлари далаларида ва томорқа ерларда полиз экинларидан – қовун, тарвуз, ошқовоқ турлари кўплаб экилиб, олинаётган ҳосилнинг асосий қисми озиқ-овқат сифатида фойдаланилиб келинмоқда. Лекин кейинги пайтларда деҳқонларимиз томонидан ушбу полиз экинларига ҳар хил ҳашаротлар зарар етказаётганлиги, бу эса ҳосилга таъсир этаётганлиги хусусида кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур муаммонинг келиб чиқиш сабабларидан бири – бу полиз экинларида зараркунанда-ю, касалликларнинг кенг миқёсда пайдо бўлишидир. Жумладан, 2001 йилдан кейин кенг миқёсда қовун пашшасининг кўпайиши, зарари максимал миқдорга етиши ва бундай зараркунандаларга қарши кураш тадбирлари ўз вақтида фермер хўжаликлари далаларида жорий этилмаслигидадир.
Қовун пашшаси тарқалиши ва зиёнини бошқа турларга нисбатан фарқ этади. Қишловдан чиққан етук зоти май ойида қовун даласида пайдо бўлиши, август ойига қадар ҳосилнинг 90–95% нобуд бўлишига олиб келади ва бошқа полиз далаларига ҳам тез суръатда тарқалади.
Зараркунанда август ойи охири сентябрь ойида озиқланган полиз экинлари меваларидан чиқиб, тупроқнинг 3–20 см устки қаватида махсус жой тайёрлаб ғумбак фазасида қишлаб чиқади.
Тухумдан чиққан қурти ҳаракат қилиб, озиқланиб, йўл солиб, меванинг уруғи жойлашган ўртасига қараб секин сурилади ва бу жойлар қаттиқ, зич ҳолатга келиб, қорамтир рангга ўзгариб чирийди ва истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Тўлиқ озиқланган қурти ташқи пўстини тешиб чиқиб, тупроқда ғумбакка айланиб, вегетация даврида 3 марта авлод беради. Кўриниб турганидек, қовун пашшасининг етук зоти ўсимлик барглари орасида бўлса, қуртлари мева ичида, ғумбаги тупроқда яшайди. Ушбу хусусиятларини ҳисобга олиб зараркунандага қарши барча кураш тадбирларини етук зоти, тухуми, қуртлари ва ғумбакларини йўқ қилиш учун аниқ воситалар ёрдамида, маълум муддатларда олиб бориш зарур.
Ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасида зараркунанданинг қишловга кетган ғумбакларини йўқ этиш учун ҳудуддаги полиз далаларни октябрь ойида 25–30 см чуқурликда ҳайдаб, 20–25 кундан сўнг шўр ювиш мақсадида, сув берилади ва қиш давомида далада муз пайдо бўлиши тадбирнинг самарадорлигини оширади. Шунда қовун пашшаси ғумбаги қишлаётган махсус жой бузилиб, ғумбаклар қишлаб чиқиш даврида тўла нобуд бўлади.
Далада пайдо бўлган етук зотига қарши полиз экинларида қўллаш учун тавсия этилган кимёвий препаратлар эрталаб соат 5–8 оралиғида, махсус агрегатлар ёрдамида ишлов берилиб зараркунанда йўқ этилиши керак. Тадбирларни далада бир вақтда олиб бориш тавсия этилади.
Зараркунанда етук зоти меваларга тухум қўйган жойларида қизил-жигарранг чиқиндилар пайдо бўлиб, кўзга кўринганини ажратиб олиб, тагига махсус ускуна қўйиб биринчи авлодининг қурт ва ғумбакларини 100 % йўқотиш талаб этилади. Шундай қилиб, қовун пашшаси ғумбагини кузда тупроқни ҳайдаш, биринчи авлоди етук зотини кимёвий кураш, қурти ва Ғумбагини махсус ускуна ёрдамида йўқ этиш орқали тарқалишининг олди олинади.
Абдували ЭРГАШЕВ,
туман Карантин бўлими бошлиғи.