Гиёҳвандлик инсоният учун энг ижтимоий хавфли ва оғир оқибатларга олиб келадиган офат сифатида бугунги кунда жаҳон бўйлаб кезиб юрибди. Афсуски, олдини олиш борасида қилинаётган ишларга қарамасдан у аста-секин мамлакатимизга ҳам ўз соясини солмоқда. Юртимизда кейинги йилларда гиёҳванд моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятларига қарши кураш чоралари кескин кучайтирилиб, кенг кўламда профилактик ишлар олиб борилаяпти.
Бугун дунёнинг қай бурчагига қараманг, аср вабосига айланиб улгурган гиёхвандликка қарши кураш олиб борилаётганининг гувоҳи бўласиз. Минг афсуски, хаёт гўзаллигини лахзалик роҳатга алмашаётган, кўр-кўрона бу иллат ботқоғига ботиб бораётганлар орамизда учраб турибди. Энг ачинарлиси, гиёхвандлик асирига айланиб улгурганларнинг аксарияти ёшлар эканлигидир.
Лекин, афсуски ёшларга ўрнак бўладиган, гиёҳвандлик моддаларнинг инсон организмига салбий оқибатлари ҳақида тушунча берадиган “Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғини Булоқбоши қишлоғида яшовчи етмиш ёшни қоралаган Р.Парпиева (исми ва фамилияси ўзгартирилган) қилмишини қандай тушунмоқ керак?
Туман ички ишлар бўлими томонидан “Қорадори - 2018” тадбири давомида Р.Парпиева ўз яшаш уйи биносининг ертўласида қора рангли елим челакка икки туп, ертўла ташқи деворининг пана қисмига ерга кўмилган темир қути ичига икки туп, буёқ қути ичига бир туп мамлакатимизда етиштирилиши тақиқланган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаётгани аниқланди.
Р.Парпиева бу ўсимликни етиштириш мумкин эмаслигини билган ҳолда экканлигини тан олди. Тўғриси, соғлиғи ёмонлиги, қон босими тез-тез кўтарилиб туришлиги сабабли ушбу гиёҳванд моддасини истеъмол қилишлигини айтади.
Лекин, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, жамият равнақига ҳамда юрт тараққиётига етарлича таъсир кўрсатади. У инсоннинг ақлан ва маънан ривожланишига зарар етказиб, ҳаёт тарзини издан чиқаради. Қанчадан-қанча ногирон болаларнинг дунёга келишига сабабчи бўлади. Гиёҳвандлар нафақат ўз хаётларини тугатадилар, балки оилаларини хам барбод этадилар. Наҳотки, ёши етмишни қоралаган онахон буларни унутган бўлса.
Жўш қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган очиқ “Сайёр суд” мажлисида жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Р.Парпиевага бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.