Бугунги кунга келиб xалқаро терроризм, наркотраффик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилмоқда. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди. Бундан ташқари, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаяпти. Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдосига қарши курашиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлиги таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир", дейилган. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.
Одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки унинг салоҳиятини, танасидаги аъзоларини, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам бозорга солишга мажбур этмоқда.
Туманимизда тузилган Идоралараро комиссия томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, одамларни огоҳлантирувчи кўргазмали воситалар кўринадиган жойларга ўрнатилмоқда. Хорижда меҳнат қилиш истаги бўлганлар билан суҳбатлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Шунга қарамай ҳозир ҳам туманимиздаги кўплаб фуқаролар ўзимизда ишлаш имконияти бўлишига қарамай ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетмоқда. Бу билан улар одам савдосидек балога гирифтор бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш xалқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Зеро, одам савдоси, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ғайриқонуний равишда айнан ўзга инсон томонидан камситилиши кeчириб бўлмас жиноятдир.
туман ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи, подполковник.