Шундай бегона ўтлар борки, улар экинлар учун ниҳоятда хавфли ҳисобланади. Шулардан бири эрмон баргли амброзиядир.
Ушбу ўсимликнинг келиб чиқиши Шимолий Америка ҳисобланади. Европа давлатларига эрман баргли амброзия Америкадан қизил йўнғичка уруғлари билан бирга олиб ўтилган. Ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларида ҳам кенг тарқалган.
Эрмон баргли амброзия бир йиллик ўтсимон ўсимлик бўлиб, ўқ илдизли бўлиб, тупроққа 4 м чуқурликкача етиб боради. Пояси тик ҳолатда тўғри ўсади, 200 смгача боради, юқориги қисми учбурчак кўринишида супургисимон шохлайди, кучсиз ёки етарлича кучли сиқилган дағал туклар билан қопланади.
Ўсимлик карантин бегона ўт ҳисобланади. У деярли барча дала экинларини ифлослантиради, айниқса сабзавот ва ҳайдалма экинлар орасида кучли тарқалади. Амброзия тупроқдаги озуқа моддаларни ўзлаштиришда маданий экинларга нисбатан кучли рақобат қилади ва ҳар қандай тупроқни юқори даражада кучсизланишига олиб келади. Олимларнинг тадқиқ қилишича, бир тонна қуруқ модда ҳосил бўлиши учун эрмон баргли амброзия тупроқдан 15,5 кг азот, 1,5 кг фосфор ва қарийиб 950 тонна сувни ўзлаштиради.
Амброзия билан ифлосланган далаларда деҳқончилик ишларининг сифати пасаяди (айниқса, тупроққа асосий ишлов бериш ва ҳосилни йиғиб олиш даврида). Бундай далаларда етиштирилган буғдойнинг оқсил таркиби 0,5, шишасимонлиги эса 1 фоизга пасаяди.
Чуқур агрономик зараридан ташқари, эрмон баргли амброзия инсонларнинг саломатлиги учун кучли хавф туғдиради. Унинг чанглари “поллиноз” деб аталувчи кўпгина аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ушбу касалликлар хашак безгаги, чанг аллергияси, хашак астмаси деб ҳам юритилади.Далаларни эрмон баргли амброзиядан тозалашда қуйидаги агротехник чоралар муҳим аҳамият касб этади: алмашлаб экиш қоидаларига қатъий амал қилиш, тупроққа чуқур ишлов бериш, экинларни парваришлашда карантин ўсимликнинг қайта кўпайишига барҳам берувчи тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш (Мунтазам чопиқ, бегона ўтларни йўқотиш). Амброзия билан кучли зарарланган ерларда қора шудгор яхши натижа беради, бунда ишлов бериш тадбирлари тўғри бажарилганда амброзия билан ифлосланганлик 70-80 фоизга камаяди. Кучли ифлосланган далаларда икки йил узлуксиз кузги ғалладошларни етиштириш ҳам яхши натижа беради.
Шуни унутмаслик керакки, амброзия билан кучли ифлосланган далаларда чуқур ҳайдов ўтказиш тавсия этилмайди. Чунки чуқур ҳайдалганда амброзиянинг уруғлари тупроқнинг пастки қатламларига тушиб кетади ва бу ерда улар ҳаётчанлигини узоқ йиллар давомида сақлаб қолади.
А.АБДИСАИДОВ,
туман давлат Карантин инспекцияси инспектори.