Қон - бу ҳаёт, тириклик рамзи ҳисобланади. Қоннинг аҳамиятини ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситадир. Қон шундай бебаҳо ҳаёт манбаики, уни сунъий равишда ишлаб чиқиб ёки бирор бир суюқлик билан алмаштириб бўлмайди. Қон организмни кислород ва озиқ моддалар билан таъминлайди. Ҳар бир соғлом инсонда 4,5-8,0 литргача қон бўлади. Инсон организми умумий оғирлигининг 7-8 литрини қон ва қон маҳсулотлари ташкил қилади. Шундан 50-60 фоизи организмдаги қон томирларга ҳаракатланиб, яшаш учун керакли озуқа ва кислород етказиб беради. Қолган 50-40 фоизи жигар, талоқ ва йирик қон томирларга захира тариқасида сақланади. Агарда бирор бир нохуш ҳолатлар натижасида организмдаги қон йўқотилса, захирадаги қон дарҳол ҳаракатланиб, йўқотилган қон ўрнини қоплайди.
Шундай касалликлар борки, уларни фақат қон қуйиш йўли билан даволаш мумкин. Қон олишнинг ягона манбаи соғлом кишилардир. Бундай кишилар донорлар дейилади.
Донор – бу қон топширувчи ҳар бир соғлом шахсдир. Донорлар миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва лавозимидан қатъий назар, 18-60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир.
Донор сўзининг маъноси - ўз организмининг маълум бир қисмини, аъзосини, қон ёки қоннинг маълум бир қисмини бошқа одамга бериш ҳисобланади. Қон ва унинг таркибий қисмларини тиббиёт эҳтиёжлари учун топшириш, донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Беғараз донорлар ихтиёрий равишда, беминнат ўз қонини топширадиган, эвазига ҳеч қандай рағбатлантиришни талаб қилмайдиган инсонлардир. Юртимизда донордек олижаноб, саховатли инсонлар борки, улар донор сифатида ўз қонини топшириш орқали қонга муҳтож беморлар ҳаётини сақлаб қолишмоқда. Топширилган қон ўрнини организм тезда захирадаги қон орқали тиклаб олади.
Қон ва унинг таркибий қисмлари оғир даражали камқонлик, оққон, қон ивиш системаси бузилиши билан кечадиган касалликлар, саратон касалликларида, туғруқхоналарда туғиш жараёнида қон кетиш вақтида ва турли хилдаги қон йўқотишларда, фавқулодда ҳолатлар, автоҳалокат, ёнғин натижасида куйган беморлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган даво ҳисобланади.
Қон қуйиш нафақат шошилинч ёрдам кўрсатишга, балки кўпгина режали касалликларни даволашда бебаҳо даво воситаси сифатида қўлланилади. Аҳолини ҳавфсиз қон ва қон маҳсулотлари билан керакли миқдорда таъминлашда беғараз донорларнинг ўрни беқиёсдир.
Тарихимиздан кўпчилик табиблар организмдаги ҳар хил касалликларни қон чиқариш йўли билан даволаб келишганлиги маълум. Организмдан чиққан қон ўрнига ясси суяклар кўмикларидан қоннинг ёш шакли элементларга бой қон ишлаб чиқилиб, йўқотилган қон ўрнини тезда тўлдиришган. Қон топшириш соғлом организм учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, аксинча организмдаги қон айланишини яхшилайди ва иммунитетни оширади, айрим яширин ҳолатда кечадиган касалликларни ўз вақтида аниқлаб даволашда муҳим ҳисобланади.
Беғараз донор бўлиб қон топширган кишилар қон таҳлиллари замонавий лаборатория текширувлари орқали ОИТС, захм, бруцеллёз, малярия касалликлари, гепатит “В” ва “С” инфекцияларига, АЛТ, АСТ таҳлиллари аниқланиб, керак бўлганда маълумотнома ёзиб берилади. Бундан ташқари, қон гуруҳи ва резус-омили текширилиб, паспортнинг керакли жилдига қайд қилиб қўйилади.
Н.ҚУЛМУРОДОВ,
вилоят қон қуйиш маркази врачи,
М.АХМЕДОВ,
туман қон қуйиш бўлими врачи.