Гиёҳвандлик (наркомания, бангилик) - наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, ружу қўйиш, аниқроғи табиий ёки синтетик захарли моддаларни (айрим дори моддаларини) вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик ҳолатидир.
Бу касаллик организм соматик ва руҳий ҳолатининг чуқур ўзгаришига сабаб бўлади ва гиёҳвандни таназзулга олиб боради. Гиёҳвандда ўзини тўхтатиб бўлмайдиган даражада гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш майли пайдо бўлади. Гиёҳванд моддаларнинг миқдорига нисбатан эҳтиёж руҳий ва жисмоний боғлиқлик ортиб боради.
Касаллик аста-секин бошланиб, сурункали давом этади. Гиёҳванд моддалар дастлаб хушнудлик, димоғчоғлик, хотиржамлик ҳиссини уйғотиб, кайф қилдиради. Кейин бу касалликка айланади.
Гиёҳвандлик икки зайлда авж олиши мумкин: Биринчи ҳолатда врач буюрган ва беморнинг руҳияти ҳамда кайфиятини ошириш ҳусусиятига эга бўлган дориларни узоқ вақт ва нотўғри қабул қилиш, оғриқ ва уйқусизлик каби бошқа дардлардан қутилиш мақсадида дори миқдорини ошириб бориш, дарддан тузалиб, дорига унчалик эҳтиёж бўлмаса ҳам уни қабул қилавериш натижасида кишида гиёҳванд моддага мойиллик кўпайиб, у ҳумор қиладиган бўлиб қолади. Иккинчи ҳолатда эса, онгли равишда кайф қилиш мақсадида гиёҳванд моддаларга ўрганади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлганларда хасталик тобора кучая бориб, кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келади. Гиёҳвандлик эйфориясида, яъни кайфи чоғлиқ пайтида икки босқич кузатилади: қисқа муддатли 1-5 дақиқа давом этадиган ўткир ҳиссиётли босқич (ҳақиқий эйфория) ҳамда узоқ кузатиладиган 1-3 соатли бўшашиш, тинчланиш даври.
Бу босқичларнинг қисқа ёки узоқ бўлиши қандай гиёҳванд қабул қилганига ва моддаларни қабул қилиш миқдорига боғлиқ. Гиёҳвандликнинг ҳамма тури ҳам ўз ривожида гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолиш йўли билан гиёҳвандлик синдромининг шаклланишига олиб келади.
Бу синдромнинг ривожланиши ҳам уч босқичда бўлади. Биринчи – гиёҳванд моддага нисбатан организм реактивлигининг ўзгариши ва руҳий бошланишининг пайдо бўлиши. Иккинчи – хумор (абстинент) синдроми кўринишида жисмоний боғланишнинг юзага келиши. Учинчи – организм барча тизимларининг заифлашиши.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши гиёҳванд моддаларни қайта-қайта ва кўпроқ миқдорда истеъмол қила бошлайди. Кейинчалик эса гиёҳванд моддаларсиз туролмайдиган бўлиб қолади. Бундай аҳволдан қутилиш ва ўзини бир оз енгил ҳис қилиш учун яна гиёҳванд моддага ружу қилади ва охир-оқибат гиёҳванд моддага хирс қилиш келиб чиқади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар асосан шифохона шароитида 2-4 ойгача даволаниб, 4-5 йилгача амбулатория кузатуви ва ҳисобида бўладилар.
Гиёҳвандлик авж олишининг олдини олиш учун дунёнинг қатор мамлакатларида тегишли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш қўмитаси ташкил этилган ва давлат дастури ишлаб чиқилган. Наркология марказида эса наркология бўйича мутахассислар томонидан малакали кадрлар тайёрланиб, улар мамлакат минтақаларида гиёҳвандликка қарши кескин кураш олиб боришмоқда. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари махсус рўйхатга киритилган ва давлат томонидан назоратга олинган. Гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқиш ва сотиш билан шуғулланган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.
Ж.МЎМИНОВ,
вилоят наркология диспансери врачи.
Р.СИНДОРОВ,
туман наркология фельдшери.