Бозордан харид қилган ыовунни оилангиз даврасига олиб келиб, дастурхонга қўйсангиз, ичидан қандайдир оқ қурт чиқади. Хўш, бу қандай ҳашарот? Қовуннинг ичига қаердан кириб қолди?
Кейинги пайтларда бозорларимизда сотилаётган полиз маҳсулотлари ичидан шу пайтгача бизда учрамаган номаълум ҳашорат — қовун пашшасининг қуртлари чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Илмий номи “myiopardalis pardalina” бўлган бу ҳашарот юртимизга Кавказ ва Кавказолди ҳудудларидан кириб келган. Қовун пашшаси бизнинг шароитда мавсум давомида уч ва ундан кўп миқдорда авлод беради.
Ҳашарот қиш мавсумида 5-15 см тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида қишлайди. Май ойи охири ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. Биринчи авлоднинг учиш муддати бир ой атрофида бўлади (анчагина узоқ муддат). Пашша қовун ёки тарвузнинг ёш ниҳоллари шираси билан озиқланади. Ҳар бир етилган наслдан кейин зараркунандаларда яна 23-30 кундан сўнг яна насл пайдо бўлади. Битта пашша қовун пўсти остига бир дона тухум қўяди, ҳаммаси бўлиб 120 донагача тухум қўяди. 3-4 кундан сўнг тухумдан қурт чиқиб қовун (тарвуз)нинг юмшоқ қатламига илонизи йўл қолдирган ҳолда кириб боради ва озиқланади. Қурт оқ-сарғиш рангда бўлиб, узунлиги 5-12 мм бўлади. Јурт қовун ичида 10 кун атрофида яшагандан сўнг у ерни тарк этади ва 15 см чуқурликда, тупроқ ичида ғумбакка айланади. Оқибатда, қовунлар пишмасдан далада чириб, айниб кетади. Бундай қовунларни ҳатто, чорва моллари ҳам емайди.
Хўш, бунга қарши қандай курашилади?
Биринчи навбатда агротехник тадбирлар сифатли ўтказилиши шарт. Феромон тутқичлар ёрдамида ҳашоратлар борлигини аниқлаб олингандан сўнг, рухсат этилган инсектицидлар ёрдамида ишлов берилади.
Кураш чораси сифатида таъсир этувчиси Лямбда-цигалотрин 100г/л бўлган KORATEK PLYUS 10% (1,2-1,5 л/га) препарати нафақат қовун пашшаси, балки полизлардаги бошқа ҳашорат зараркунадаларга қарши ҳам самарали таъсир кўрсатади.
Ҳосилни йиғиштириб олишдан камида 20 кун аввал кимёвий ишлов бериш тўхтатилади.
Алмашлаб экиш ҳам бундай касалликнинг камайишига хизмат қилади. Зарарланган маҳсулотлар йиғиштирилиб, даладан ташқарига кўмилиши керак. Далани чуқур шудгорлаш, қишда яхоб бериш зарур.
Азимжон АБДУСАИДОВ,
вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспектори.