“Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Қўролос чаман манзараси” фермер хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг бир-бирлари билан тажриба алмашиши учун семинар ташкил қилинди. Семинарда фермер ва деҳқонларимиз Наманганлик деҳқонлар билан билим ва тажрибаларини алмашдилар.
Тадбирда асосий эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, бу борада давлатимиз томонидан кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳоли, айниқса, деҳқон фермерларга етказиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг касбий билим ва кўникмасини ошириш, мустақиллик даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқ ва қўлга киритилган натижалар асосида илғор тажрибаларни тарғиб қилиш масалаларига қаратилди.
Ушбу давра суҳбати айнан “Қўролос чаман манзараси” фермер хўжалигида бежизга ташкил этилмагани ташкилотчилар томонидан аълоҳида таъкидлаб ўтилди.
- 2018 йили “Халқ банки”дан имтиёзли кредит олиб ушбу фермер хўжалигини ташкил этдим,-дейди фермер хўжаликнинг раҳбари Ж.Нусратуллаев. -Дастлаб фермер хўжалигимга электр энергияси олиб келиш учун трансформатор ўрнатдим ҳамда иккита артезиан қудуғи қаздириб, сув чиқардим. 7 гектар жойга 3х3 оралиғида ток кўчати ҳамда 280 туп олма дарахти экканмиз. Ҳар бир қарич жойдан самарали фойдаланиш мақсадида ток кўчатларининг жўяк оралиқларига тарвуз, қовун, ловия, мош, пиёз, помидор каби полиз экинларини экдик. Ҳосилимиз пишиб етилди. Бу борада Наманган вилоятидан келган оилавий деҳқонлар билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Улар бизга полиз экинларини етиштиришда ўз тажрибаларини ўргатишди. Биз ҳам уларга узумчиликнинг сир-асрорларини ўргатиб боряпмиз. Келажакда нафақат маҳаллий бозорларимизни, балки экспортбоп маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
Семинарда фермер хўжалигида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
-Мен Наманган вилоятининг Чуст туманиданман,-дейди фермер хўжалигига тажриба алмашиш учун келган А.Назаров. -Оилавий деҳқончилик қиламиз. ¤зимнинг деҳқончиликдаги тажрибаларимни ўргатиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида туманингизга келдим. Юртимизнинг кўп жойларида деҳқончилик қилганман. Тўғриси, бундай ҳавоси тоза, хосилдор ерлар бошқа жойларда камроқ.
Сув масаласи ҳам унчалик муаммо туғдирмас экан. 35-40 метр чуқурликда сув бор. Ерлари ҳам ҳосилдор. Қўшимча ўғит ва дори талаб қилмайди. Бундай ердан фақат унумли фойдаланиш зарур.
Тадбир давомида фермерлар ўз фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам гапириб, мутасаддилардан аниқ жавоб олишди, ушбу кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Семинарда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.