Республикамизда солиқ сиёсатининг такомиллаштирилиши солиқ юкини камайтириш ва ҳисоботларни тубдан қисқартириш, мажбурий тўловларни амалга оширишни соддалаштиришни тартибга солишда муҳим омил бўлди.
Хусусан, бунинг натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди, айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди. Энг муҳими, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, ҳалол ва қонуний тадбиркорлик муҳитини яратишга эришилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур қарор билан тадбиркорлик субъектлари фаолияти давомида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркор мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Ҳуқуқий ҳужжатда яна бир қанча муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, 2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади. Бунда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади.
Эндиликда, қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди. Юк ташувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини Ахборот платформасида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиш жорий этилади.
Ҳужжатда белгиланганидек, икки ой муддатда хўжалик юритувчи субъектларни давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқилади. Онлайн назорат-касса машиналари чеклари билан тасдиқланган харажатлар бўйича жисмоний шахсларга даромад, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмалар бериш ёки чекларда кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, уларни моддий рағбатлантириш, хизматда лавозимини ошириш, мукофотлаш, интизомий чоралар қўллаш тизими жорий этилади.
Келгуси йил бошидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акциялари ўтказилиши назарда тутилган.
Ғиёс БЎРОНОВ.
ЎзА