Бирор бир ишни бошлашда зарур маслаҳат, ёрдам доимо муҳим ўрин тутади. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган юртдошларимизга ҳам мутасадди соҳа ходимларининг тўғри йўл кўрсатиши, уларни белгиланган тартиб-қоидалардан хабардор этиши устувор вазифага айланган.
Бугун тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган, бу билан ўз оиласи ва иқтисодиётимизга наф келтиришни дилига туйган инсонларга керакли йўл-йўриқлар, тавсиялар берилмоқда. Шу ўринда туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан бозорлар, савдо мажмуаларида кенг жамоатчилик иштирокида олиб борилаётган профилактик суҳбатлар ўз натижасини бераётганини таъкидлаш жоиз.
Тушунтириш-тарғибот тадбирларида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг қонуний асослари, белгиланган тартиб-таомиллар, тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шароитлар хусусида атрофлича маълумотлар берилмоқда. Қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмасдан, давлат рўйхатидан ўтмай иш юритаётган фуқаролар огоҳлантирилмоқда. Шунингдек, уларнинг давлат рўйхатидан ўтишига ҳам амалий ёрдам кўрсатилаяпти.
Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ҳудуддаги бозорлар, савдо мажмуаларида 197 та профилактик суҳбатлар ўтказилди. Мазкур тадбирлар асосида давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган 197 нафар фуқаро аниқланди. Улар билан индивидуал профилактик суҳбатлар ташкил этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бунинг натижасида 101 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркор сифатида фаолиятини бошлади.
Тадбирларимизда тадбиркорларга ёлланма ходимни ишга жалб этиш тартиблари ҳусусида ҳам атрофлича тушунчалар, кўрсатмалар берилмоқда. Натижада 17 нафар фуқаро ёлланма ходим сифатида рўйхатдан ўтказилди. Эътиборлиси, ёлланма ходимни рўйхатдан ўтказган тадбиркорлар юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаб, даромадини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Дарҳақиқат, давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган профилактик йўналишдаги чора-тадбирлар тадбиркорларнинг сафини янада кенгайтириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, бюджетга қўшимча тушумларни туширишга хизмат қилмоқда. Зеро, бугун бошланган хайрли ишлар эртага ўзининг амалий натижасини беради.
А.ШОВҚИЕВ,
туман давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи.