Ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг ривожланишида табиий ресурслар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз. Хусусан, иқтисодиётнинг барча тармоғи фаолияти сув ресурслари билан чамбарчас боғлиқ. Шу ўринда қайд этиш жоизки, сув ресурсларидан унумли ва оқилона фойдаланиш бугунги кунда долзарб вазифалар сирасидан ўрин олган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаши белгиланди.
Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига асосан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг янги ставкалари тасдиқланиб, 2018 йилга нисбатан 20 фоизга оширилди.
Хўш, жорий йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқ ставкалари қандай кўриниш олган? Ер усти сув ресурсларининг 1 куб метри учун иқтисодиётнинг барча соҳаси корхоналари, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлик фаолиятида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар 120 сўм, саноат корхоналари 360 сўм, автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослаштирилган корхоналар 1200 сўм, электростанциялар 30 сўм, коммунал хизмат корхоналари 60 сўм, алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 19040 сўм (алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) ва 120 сўм (бошқа мақсадларда фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) тўлайди.
Ер ости сув ресурсларининг 1 куб метри учун иқтисодиётнинг барча соҳаси корхоналари, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлик фаолиятида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар 150 сўм, саноат корхоналари 430 сўм, автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослаштирилган корхоналар 1500 сўм, электростанциялар 50 сўм, коммунал хизмат корхоналари 80 сўм, алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 19040 сўм (алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) ва 150 сўм (бошқа мақсадларда фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) тўлаши белгиланган.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг оширилгани тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қийинчилик туўдирмайдими, деган ўринли савол туғилиши табиий. Бу молиявий қийинчиликларни юзага келтирмайди. Чунки солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтириш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида корхоналарнинг фойдасидан олинадиган солиқлар улуши камайтирилиб, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ босқичма-босқич оширилаяпти.
Умид АЛИМОВ,
вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси давлат солиқ инспектори.