Нафс балоси танада яширинган шайтон кабидир. У иймони суст бандани банди этиб, ўз куйига солади.
Ўттиз тўрт ёшли Зоҳид Қаршиев қўшни Пайариқ туманидан. Ҳали ёш бўлишига қарамай, уч маротаба суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келган. Охирги марта 2014 йил 12 март куни жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди томонидан олти йилга озодликдан маҳрум этилади. 2017 йил 20 январь куни эса жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан ўтолмай қолган 2 йил 11 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади. Икки нафар фарзанднинг отаси. Хавфли рецидивист ҳисобланади.
“Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мол бозорида савдо авжида. Кимдир мол олаяпти, кимдир сотишга ҳаракат қилаяпти. Ўамма нима биландир банд. Зоҳид ҳам бозорга аслида мол олиш учун келган эди.
Мол бозори ҳали тонг отмасдан, қоронғи пайти бошланади. Эрталаб соат 4:30 ларда бозорга келган Зоҳид 540000 сўмга бир бош қўй сотиб олиб, уни ўша жойнинг ўзида 580000 сўмга сотиб юбориб, яна бир қўйни 420000 сўмга олгач бозор ташқарисига чиқади. Уни олиб кетиш учун “Зил” автомашинасига ортиб қўяди ва яна қўй сотиб олиш учун бозор ичкарисига қараб юради. Шу пайти бозор ёнида турган “Нексия” русумли автомашинаси орқа юкхонасидан С.Жўрақуловнинг пул олаётганлигига кўзи тушади. У бозордан яна бир қўйни олиб, олдин олган қўйининг ёнига қўйиб келаётганда олдинроқ кўрган “Нексия” автомашинасининг олдида ҳеч ким йўқлигини кўради.
“Ўртанган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек Зоҳиднинг хаёлини ёвуз хаёллар эгаллайди. У ҳали ҳам жазо ўтаётганлиги эсидан чиқиб кетади. Ўеч ким йўқлигидан фойдаланиб, автомашинанинг орқа юкхонасини темир қозиқ билан бузиб, 24 миллион 200 минг сўм пулларни ўзлаштириб олади. Шундан сўнг зудлик билан таксида Пайариққа кетади.
У уйидагиларга пулларни қаердан олганлигини билдирмайди. Дастлаб 12 миллион сўмга “Жигули” русумли автомашина, сўнгра эса 4 дона уяли алоқа воситасини харид қилади. Лекин жиноят тезда фош этилади. Ички ишлар бўлими ходимлари унинг уйига борганда ҳаммасини тушунади. Жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплайди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан қилмиши учун З.Қаршиевга нисбатан беш йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Лекин шу ўринда бир мулоҳазага эътибор қаратинг. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган “Менинг маҳалламда жиноятчилик бўлмаслиги керак”, деган даъват долзарб аҳамият касб этмоқда. Тўғри, ушбу ўғирлик тегишли маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторларидан ҳудудда фуқаролар осойишталиги ва мулкий дахлсизлигини таъминлашда яна ҳушёрликни оширишини талаб этади. Лекин бу ерда кўпроқ масъулият ўғирликка қўл урган кимсанинг яқинлари ва улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиҚини зиммасига тушади. Ҳа, бундай кўнгилсиз ҳолат фаолиятимиздаги заиф нуқталар борлигини ошкор этади. Бу таъна эмас, балки ҳушёрликка ундовчи аччиқ сабоқдир.
А.ҲАҚБЕРДИЕВ,
туман прокуратурасининг терговчиси, 3-даражали юрист.