Мамлакатимизда йилдан-йилга транспорт воситалари сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси юксалаётгани, эл-юртимиз йилдан-йилга фаровонлашаётганининг исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, манфаатларини тўла таъминлашдир.
Лекин транспорт воситасини бошқаришнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Айниқса, хавфсизликни таъминлаш бу борада энг муҳимдир. Ҳайдовчи йўлга чиқишдан олдин автомашинанинг хавфсизлигини текшириши, яъни тормоз тизими ишлаяптими, ёритиш чироқлари ёнаяптими-йўқми аниқ билиб автомашинанинг тегишли ҳужжатларини олиб, сўнгра ҳайдаши зарурдир. Агар ушбу ҳолатларга амал қилмаса, ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки йўловчилар ҳаётини ҳам хавф-хатарга солиб қўйиши мумкин.
Ш.Қўштаев “Жонбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Мижғон қишлоғидан ҳамқишлоғи А.Қодиров билан “Тико” русумли автомашинасида бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз йўлга чиқади. Автомашинани белгиланган тезликда “Жонбулоқ-Бўронбулоқ” йўналишида ҳаракатлантириб кетаётган вақтида йўлда яна бир ҳамқишлоғи Э.Қўлдошевнинг тўйдан қайтаётганлигини кўриб қолади ва уни ҳам миндириб олади. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Лекин негадир автомашинани қишлоқ йўлида 50-60 км тезлик билан ҳайдаб кетаётган Ш.Қўштаев ёқилғини тежагиси келиб қолди. Яъни, йўлнинг пастки нишаблигига келганда моторни ўчиради, автомашина эса пастга ҳаракатлана бошлайди. “Фалокат оёқ остида” деганларидек, шу пайти автомашинанинг тормоз қисми ишламай қолади. Автомашина пастга юқори тезликда ҳаракатланиб, йўлнинг четига чиқиб кетади. Икки-уч марта ағдарилиб кетган автомашина йўлнинг четига бориб урилади ва тўхтайди.
Бу фалокатдан хабар топган қишлоқ аҳолиси зудлик билан ёрдам беришга ошиқишади. Лекин, афсуски оғир тан жароҳатлари олган Э.Қўлдошев воқеа жойида вафот этади.
“Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек Ш.Қўштаевнинг бепарволиги аянчли оқибатга олиб келди. Агар у ўз вақтида автомашинасини техник кўрикдан ўтказганда, йўлга чиқишдан олдин яна бир бора кўздан кечирганда эди бундай фалокат содир бўлмас, бир инсон ҳаётдан кўз юммаган бўларди.
Ушбу ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Ш.Қўштаевга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилу 6 ойга маҳрум этиб, ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.