Заркент шаҳарчасидаги “Кончи” маданият саройида ноқонуний равишда олтин қазиб олишни тўхтатиш, қонунга хилоф равишда ўзлаштирилган маъдан бойликларига жазо муқаррарлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида олтин қазиб олишни хусусий олтин изловчилар амалга ошириши бўйича семинар ўтказилди. Унда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, аҳоли вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирок этди.
Бугунги кунда туманимизнинг Зармитан ва Ғужумсой ҳудудига яқин қишлоқлар, шунингдек, қўшни Хатирчи, Пайариқ, Пахтачи, ҳаттоки Бухоро вилоятларидан келаётган кўплаб ноқонуний олтин қазувчилар томонидан қимматбаҳо маъданли тошлар қазиб олинмоқда. Бу эса халқнинг ризқи кесиляпти, кимларнингдир чўнтаги чўнтагига тушяпти дегани. Натижада иқтисодиётимизга жиддий зиён етмоқда.
Ушбу қимматбаҳо маъданли тошни ноқонуний қазиб олиш бўйича судлар томонидан 2016 йилда 113 та, 2017 йилда 87 та, 2018 йилда 140 та, жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида 26 та жиноят ҳамда маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Энг ачинарлиси, жорий йилнинг ўтган ойида ушбу ноқонуний иш билан шуғулланаман деб қўшни Пайариқ туманидан келган уч нафар фуқаронинг вафот этганлигидир.
- Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилди,-дейди Навоий Кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармаси директори ўринбосари Элёр Латипов. -Юридик ва жисмоний шахслар барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилган ҳолда ушбу фаолиятни амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун улар ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишлари керак. Бунда уларнинг қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига алоҳида лицензия олишлари талаб қилинмайди.
Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия Давлат геология қўмитаси томонидан «E-IJRO AUKSION»даги электрон аукцион якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ҳуқуқи учун ҳақ тўлашга тўғри келади. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи 7,5 млн сўмни ташкил қилади.
Аукционни ўтказиш ва лицензияни беришнинг умумий муддати, электрон савдо майдончасида амалга ошириладиган барча жараёнларни ўз ичига олган ҳолда, 10 кундан ошмайди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 мартдаги қарори билан жорий йилда фойдаланишга бериладиган ер қаъри участкаларининг рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга кўра, жорий йилда Қўшработ туманининг Ғужум ва Ғужумсой қишлоғи атрофидаги 32 та участкадаги 32 гектар майдон аукцион орқали сотувга қўйилган. Тадбиркорликнинг ушбу фаолият тури билан шуғулланиш истаги бўлган фуқаролар юридик ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида Давлат хизматлари марказларидан рўйхатдан ўтиб, ҳеч қандай хавотирларсиз қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишлари мумкин. Қимматбаҳо металларни қазиб олишда ер ости тоғ-кон қазилмалари йўлакларсиз ва портловчи моддалардан фойдаланмаган холда хавфсиз чуқурликкача фаолиятни амалга оширишлари мумкин.
- Хўш, олтин қазиб олинди, уни каерга, қайси бозорда сотиш мумкин?,- деган савол бугун тадбиркорларни ўйлантириши мумкин,-дейди Қизилқум регионал инспекцияси инспектори М.Болтаев. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаблари асосида ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан белгиланган тартибда ажратиб олинган олтинлар учун қабул қилиш пунктлари ташкил этишлари мумкин. Иккинчидан, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан сайёр қабул кассалари ташкил этишга рухсат этилади. Ўз хоҳишича бозорга чиқариб сотишга йўл қўйилмайди. Сиз қазиб олаган маъданли тошлар дунёдаги йирик биржаларда тасдиқланган нархлар асосида сотиб олинади.
Семинарда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, Навоий кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармаси Нуробод ҳудудий бошқармаси бошлиғи Я.Шакаровлар иштирок этди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.
Бобур МАМАДИЁРОВ олган суратлар.