Туманда иккита кундузги оромгоҳ фаолият юритмоқда. Болажонлар ёзги таътил даврида мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шароитларга эга бўлган соя-салқин маскан ҳисобланган иккита мактаб, бири Заркент шаҳарчасидаги 26-мактаб, яна бири туман марказидаги 81-мактаблар танлаб олинди. Бу ормогоҳларга 3 даврада 450 нафар бола дам олиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда биринчи давра ниҳоясига етиб иккинчи давра бошланди. Ҳар иккала оромгоҳда ҳам болаларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишлари учун тўгараклар ташкил этилди. Кутубхоналар улар хизматида. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб турли хил тадбирлар ҳам ўтказиб келинмоқда.
Ҳар иккала оромгоҳда ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ, деб бўлмайди. Энг асосийси, ҳар иккисида ҳам чўмилиш ҳавзаси мавжуд эмаслиги ачинарли ҳолдир. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида сув ҳавзасида маза қилиб чўмилиш нафақат оромгоҳда дам оладиган болалар, балки барча қўшработликлар учун кўп вақтдан бери орзулигича қолмоқда. Биргина Заркент шаҳридаги Жанубий кон бошқармасига қарашли Зармитан олтин кони тасарруфидаги аквапаркни ҳисобга олмаса, туманда санитария талабларига жавоб бера оладиган чўмилиш ҳавзалари мавжуд эмас.
- Биз оромгоҳда турли хил тўгаракларга қатнашаяпмиз, - дейди Заркент шаҳарчасидаги 26-мактаб қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳда дам олаётган болажонлардан бири Беҳрўз Сайдуллаев. – Спорт машғулотлари билан шуғулланаяпмиз, Кутубхоналарда ўзимизга маъқул бўлган бадиий китобларни ўқияпмиз, аммо оромгоҳимизда чўмилиш ҳавзаси йўқ. Хўш бу муаммо бартараф этилиши учун мутасаддилар қандай зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда? Бу саволга ушбу оромгоҳ раҳбари Муҳиддин Қудратов шундай жавоб берди:
- Кундузги оромгоҳ фаолият олиб бориши учун танланган мактабимиз тўлиқ талабларга жавоб беради, дея олмаймиз. Бор имкониятлардан фойдаланиб, шу мактабга яқин ҳудудларда яшовчи кам таъминланган оила фарзандларининг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишлари учун қўлимиздан келганча зарур тадбирларни амалга оширяпмиз. Ҳақиқатдан ҳам биринчи даврада дам олган 70 нафарга яқин болалар оромгоҳда чўмилиш ҳавзаси йўқлиги сабабли мириқиб дам ололмаганликлари табиий. Биз бу муаммони бартараф этиш мақсадида шаҳарчамизда жойлашган Зармитан олтин кони тасарруфидаги аквапарк сув ҳавзасида оромгоҳ дам олувчилари иккинчи ва учинчи давра давомида чўмилишларига рухсат сўраб Зармитан олтин кони маъмуриятига мурожаат қилдик ва бу ижобий ҳал этилди.
Демак, бир оромгоҳда дам олувчи болаларнинг чўмилишлари учун имконият яратилди. Хўш, иккинчи оромгоҳ, яъни туман марказидаги 81-мактаб қошида ташкил этилган дам олиш масканида-чи? Газетамиз саҳифаларини кузатиб борсангиз, бунга ҳам жавоб топасиз!
Тўлқин СИДДИҚОВ
скачать dle 11.3