Гулмурод Гулов Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан. У март ойларининг бошида туманимизга “Улоқ” ўйини бўлган кўпкарида иштирок этиш учун ташриф буюради. Кўпкарида Ўктам исмли шахснинг отида қатнашади. Мана шу жараёнда у кўпкарига келган одамлар билан гурунглашиб, Зармитан ҳудудида олтин конининг шахтаси жойлашганлиги, у ерга яширин равишда тушиб, маъданли тош олиб чиқишнинг имкони борлигини эшитади. Бу эса мўмайгина даромад бўлишини, тезда бойиб кетиши мумкинлигини ич-ичидан ҳис этган Гулмурод шахтага тушиш учун таниш излай бошлайди. Таниш тезда топила қолди. У “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Мекки” лақабли Меҳриддин Ўралов бўлиб чиқади.
Ўзаро суҳбат асносида Меҳриддин Гулмуродга бир ўзи бу ишни эплай олмаслигини, ўзига шериклар топиши зарурлигини уқтиради. Қолган ишларга, яъни шахтага олиб бориш, ичкарига киритишни бўйнига олади.
Хуллас, Гулмурод ўзи яшайдиган Шофиркон туманига бориб, танишлари Тўлқин Рўзиев, Тўймурод Ғаффоров, Мансур Юнусовларни ишлаган ҳар бир куни учун юз минг сўмдан тўлайман деб бу ишга кўндиради. Шу тариқа шофирконлик шоввозлар шахтада ишлаш учун керакли асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб, Зармитан қайдасан дея йўлга тушишади.
Бу ерда уларни Меҳриддининг ўзи кутиб олади. Сўнгра уларни “Ғужумсой” шахтасига бошлаб боради. Афсуски, бу ерда қўриқлаш хизмати ходимлари ўз хизмат вазифаларини ўтаётган эди. Шунда улар қўриқлаш хизмати ходимларининг узоғроққа кетишини пойлайди. Шундай фурсат ҳам этиб келди. Қўриқлаш хизмати ходимлари шахта олдидан озроқ узоқлашгач, темир нарвон орқали ичкарига тушиб олишади.
Шахта ичида эса Меҳриддининг таниши Лазизни учратишади. Зудлик билан гуруҳ олтин моддаси бўлган маъданли тошларни йиғишни бошлайди. Меҳриддин ҳам бир кун уларга ёрдам бергач, ўзи бу ердан чиқиб кетади. Лазиз ҳам ўзининг шериклари билан алоҳида тошларни йиғиб, қопларга жойлай бошлайди. 2-3 кун ишлашгач, қоплар ҳам тошларга тўлади. Шунда энг катта муаммо пайдо бўлади. Қандай қилиб уни юқорига олиб чиқиш керак? Меҳриддин чиқиб кетгани бўйи кўриниш бермай қўйди.
Шунда Лазиз таваккал қилиб ташқарига йўл олади. Афсуски, чиқиш йўлида коннинг қўриқлаш хизмати ходимлари уни тутиб олади ва қандай қилиб ичкарига кирганлигини сўрашганда, бўлиб ўтган воқеани айтиб беради.
Ушбу жиноий гуруҳнинг фаолияти Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 74-сонли умумтаълим мактабида аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд ушбу гуруҳ аъзоларининг чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим деб топди.
Суд мажлиси жараёнида шу нарса маълум бўлдики, ушбу тоғни урса талқон қиладиган йигитлар бирон бир фойдали меҳнат билан шуғулланмайди. Ҳар бирининг қарамоғида 2-3 нафардан фарзандлари бор. На маҳалла фуқаролар йиғини, на бошқа жамоат ташкилотлари уларнинг аҳволидан хабар олишмаган. “Бекорчидан худо безор” деган нақл бор. Бекорчиликдан ўзларининг жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам мана шундай жиноятга қўл урдилар.
Сайёр суд мажлисида бу каби жиноятларнинг қайта содир этилмаслиги учун маҳаллада янги иш жойларини яратиш, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, жиноятга, албатта, жазо муқаррарлиги аҳолига тушунтирилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлаш, огоҳлик, маҳаллалардаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг изчил йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.