Қадимий маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, архивлар доимо тарих кўзгуси бўлиб келган. “Архив” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “ҳужжатлар сақланадиган жой” деган маънони англатади. XIY-XY асрларда Темурийлар даврида, сўнгра Хива, Қўқон хонликларида ҳамда Бухоро амирлигида ҳам ҳужжатлар сақланадиган жой ташкил этилган. 1919 йил 5 ноябрда Туркистон республикаси ягона давлат архив жамғармаси, 1959 йилда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қошида Архив бошқармаси тузилди. 1992 йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги бошқарма “Бош архив бошқармаси” деб номланди.
2010 йил 15 июнда “Архив иши тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу эса архив ишини ислоҳ қилиш ва замон талабларига келтириш бўйича муҳим қадам бўлди.
Жорий йилда ўзининг 100 йиллигини нишонлаётган архивчилар ўз ишларини ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида жуда муҳим ишларни амалга оширмоқда. Зеро, янгиланишлар суръати ва кўлами, архив муассасалари олдига қўйилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан ходимларнинг салоҳиятига, масъулият ва интилишига бевосита боғлиқдир.
Туманимиз давлат архивида ҳозирги кунда 180 та фонд мавжуд. Барчаси ҳаракатда, 1 та бўш фонд бўлиб, 31840 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сақланмоқда. Шундан асосий фаолият ҳужжатлари 20290, шахсий таркиб ҳужжатлари эса 11550 сақлов бирлигини ташкил қилади.
Тумандаги барча ташкилотлар ўз фаолиятлари мобайнида пайдо бўлган идоравий ҳужжатларини давлат архивларига топшириш муддатлари келгач, тизимли равишда топширишлари шарт. Бундай ҳужжатлар давлат сақловига архив талаблари асосида тартибга келтирилган ҳолда топширилади. Бу жараёнда йиҚмажилдлар номенклатураси асосида рўйхатлари тузилади, тегишли тартибда расмийлаштирилади.
Айниқса тугатилаётган ташкилотлар барча ҳужжатларини топширишлари ўта муҳимдир. Бу ишлар тугатиш комиссияларига юклатилган. Мазкур тартиб бўйича тугатилаётган корхоналар бу жараёнда архив ҳужжатларини тартибга келтирганларидан кейин сақлаб бориш тўловларини амалга оширгач, архивимизга ҳужжатларни топширгандан кейингина тугатилганлик қарори эълон қилиниши керак. Бу ҳужжатлар архивимизда 75 йилгача сақланади.
Архивимизга корхона, ташкилотларда ишлаган кишиларнинг иш ҳақлари тўғрисидаги ҳужжатлар, хўжалик дафтарлари, ҳуқуқий ҳамда шахсий таркибга оид ҳужжатлар топширилади.
Бизни кўпинча бир муаммо ўйлантиради. У ҳам бўлса аҳолининг архив иши ҳақида етарли маълумот, тушунчага эга эмаслигидир. Нафақага чиқиш ёки бошқа бир муҳим масалани ҳал этишда зарур бўладиган ҳужжатларни қаердан ва қандай олишни аксарият фуқаролар яхши билишмайди. Архив ишига оид қонун ва норматив ҳужжатларни яхши билиш барча учун муҳимдир. Архивимиз ходимлари шу масала бўйича қизиққан фуқароларга доимо ёрдам кўрсатиш, уларга зарур маълумотларни, маслаҳатларни беришга тайёр.
Наврўз Худойбердиев,
туман Давлат архиви катта фонд сақловчиси.