“Шована” маҳалла фуқаролар йиғинида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими томонидан фуқароларнинг пенсия таъминоти масаласи юзасидан “Сайёр қабул” ўтказилди.
Пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда фуқаролар иштирок этган тадбирда даставвал Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашит Раҳимов пенсия ва нафақа тайинлашдаги ўзгаришлар, бу борада учраётган муаммолар ва фуқароларни ўйлантираётган масалаларга тўхталиб ўтди.
- Мамлакатимизда фахрийларга, кексаларга, пенсионерларга, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган фуқароларга жиддий эътибор қаратилмоқда,-деди А.Раҳимов. -Бу борада давлат пенсияларини тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг тўланишини ҳисобга олиш, тўловларни назорат қилиш ҳамда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Президентимиз томонидан бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинлаш масалалари жараёнида асосий эътибор пенсияларнинг қонун талаблари асосида тўғри тайинланиши учун корхона ва ташкилотлар, архив идораси томонидан иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўғри белгиланганлиги жойларга чиқиб текширилиб, кейин тўловга ўтказилишига қаратилди ва бу ўзининг ижобий натижаларини берди.
Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Халқ банки орқали пенсия тўловлари амалга оширилмоқда.
Туманда ҳам пенсия ва нафақа олувчиларнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида тўлов рўйхатлари шакллантирилиб, тўлов ведомостлари орқали тўлиқ Халқ банки филиалларига етказилмоқда. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан МФЙлар кесимида тўлов куни бўйича режа тасдиқланиб, пенсионерларнинг ташкил этилган кассаларга навбат билан келишлари йўлга қўйилди. Уларнинг рўйхати, қачон олишлари бўйича маълумотлар барча маҳалла фуқаролар йиғинлари биносига илиб қўйилди. Шунингдек, туманда ётиб қолган, ёлғиз, кам таъминланган, 1, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатлари алоҳида шакллантирилиб, ушбу тоифа фуқароларга пенсия пуллари уйларига етказиб берилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланмоқда.
Бу эса кекса ёшдаги фуқароларнинг пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларни ўзларининг касбий маҳорати, бой тажрибаларидан баҳраманд этилишига имконият яратади.
Бундан ташқари, юқори иш ҳақи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларимизга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида ушбу Фармонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилди.
Сайёр қабулда пенсионерлардан Аҳмад Очилов пенсия тизимидаги ўзгаришлар хусусида, узоқ йиллар ширкат хўжалигида (илгариги совхоз) ишлаган, сўнгра 8-умумтаълим мактабида ишлаб пенсияга чиққан Исомиддин Мирзанов ширкат хўжалигида ишлаган иш ҳақлари тўғрисидаги маълумот архивдан топилмаганлиги, бу борада мукаммал ҳисоб-китоб билан пенсия тўловини тўлашда қийинчиликлар бўлаётганлиги, ушбу муаммога амалий ёрдам беришни сўраб, узоқ йиллар ширкатда тракторчи бўлиб ишлаган Намоз бобо Мардиев ҳам иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар архивда йўқлиги боис пенсиянинг кам миқдорда тўланаётганлиги ҳақида мурожаат қилдилар. Ушбу мурожаатлар бўйича амалий ёрдам беришни ташкил этиш, шунингдек муаммоли мурожаатлар бўйича бошқа туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимларидан мутахассислардан иборат комиссия ташкил этган ҳолда ўрганиб чиқиш бўйича хулосалар берилди.
Қабул давомида пенсионерлардан энг кўп мурожаат бу маҳалла фуқаролар йиғини биносида пенсия тарқатишда навбатларнинг кўпайиб кетаётганлиги, ёшлар кексаларни ҳурмат қилмаётганлиги, шунингдек кўпчилик пенсионерларнинг ўзлари эмас, балки фарзандлари томонидан олиб кетилаётганлиги таъкидланди. Бу мурожаат бўйича ҳам ўрганиб чиқилиб, муаммо ҳал этилишига амалий кўмак берилиши, ҳар бир пенсионер шахсан ўзи пенсиясини олишлиги зарурлиги ҳақида мутасаддилар томонидан тушунча берилди.
Сайёр қабулда аҳоли мурожаатларига вилоят бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи А.Раҳимов, туман бўлими бошлиғи Н.Авазов ҳамда мутахассислар томонидан аниқ ва атрофлича жавоб қайтарилди.
Ўз мухбиримиз.