Бугун коронавирус пандемияси бутун дунё давлатлари, халқлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатган бир пайтда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани аҳолисининг бу синовдан ортиқча йўқотиш ва талафотларсиз ўтиши учун зарур чоралар кўрилди.
Туманда ушбу касалликка чалинган беморлар қайд этилмаган бўлсада хавфсизлик кучайтирилди. Аҳолининг карантин қоидаларига қатъий амал қилиши таъминланди.
Маълумотларга кўра, карантин бошланганидан буён тумандаги маҳаллаларда 1965 камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, уларга доимий тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Лекин бу масаланинг ечими эмас. Ушбу оилаларда яшовчи кишиларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг рўзғорга доимий даромад келиб туришига эришиш лозим. Шу мақсадда бу хонадонларда яшовчи меҳнатга лаёқатли 3400 дан ортиқ киши аниқланиб, уларга муносиб иш жойлари таклиф этилди. Бу фуқаролар асосан, туман ҳудудида айни пайтда олиб борилаётган қурилиш ишларига жалб қилинди. Инвестиция дастури асосида бу йил ҳудудда 10 га яқин таълим ва мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда. Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган 36,5 миллион долларлик йирик лойиҳа 8 лот бўйича амалга оширилмоқда ва бу лотларнинг ҳар бирида 100 нафардан ортиқ киши меҳнат қиляпти.
Бундан ташқари, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши, деҳқон хўжаликлари ташкил этиши учун уларга давлат томонидан субсидия берилмоқда. Йил бошидан буён 168 нафар фуқаро ана шу имкониятдан фойдаланди, яна 200 дан ортиқ камбағал оилага субсидия берилиши режалаштирилган.
– Қўшработ деганда чорвага ихтисослашган, чўл туман тушунилган, – дейди туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев. – 215 минг гектар умумий ер майдонининг 39 минг гектаригина ҳайдаладиган, лалми ерлар. Бу ерларда ҳам фақат ғалла, нўхат экилган. Одамлар деҳқончилик билан деярли шуғулланмаган. Бунга имконият ҳам бўлмаган. Кейинги йилларда эса давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу орқали халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш баробарида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш имкониятлари кенгайди. Бундай имконият бугун Қўшработда ҳам яратилмоқда. 2017 йилда давлатимиз раҳбари туманимизга келиб, бу ҳаракатни бошлаб берган, фойдаланилмаган ерларда ёнғоқзор, узум ва бодом боғлари ташкил этишга киришилган эди. Шундай бўлгач, энди Қўшработ халқи осмонга қараган халқ, қачонки йил серёғин келса, чорва ҳам, лалми деҳқончилик ҳам яхши бўлади, деб ўтириб бўлмайди. Туманимизнинг эртаси ер ости сувларидан фойдаланиб, олтинга тенг тупроғимиздан самарали фойдаланишда, деган хулосага келдик. Сабаби еримиз унумдор, шўрланмаган. Ер остидан сув чиқариб, деҳқончилик қилиш мумкин. Шу мақсадда бурғулаш техникалари олиш учун кредит сўраб, раҳбариятга мурожаат қилдик. Бу ишга туманимиздаги томорқа хизматлари, тадбиркорларни жалб этдик. Натижада кейинги икки йилда Россиядан 21 та ана шундай замонавий техника олиб келинди. Улар ёрдамида 300 метргача ер остидан сув чиқаришга эришдик. Ҳозиргача қарийб 5000 та аретизиан қудуғи қазилиб, 8 минг гектар ерни суғориш имконияти пайдо бўлди. Одамлар имтиёзли кредит эвазига артезиан қудуқ қаздириб, деҳқончилик қилишни бошлади, боғлар яратяпти.
Токзорлар ташкил қилиб, узум етиштириш, майиз тайёрлаш қўшработликлар учун анъанавий боғдорчилик ҳисобланади. Бугун бу анъанани давом эттириш имкониятлари кенгайди. Кейинги икки йилда аҳоли томонидан 600 гектар, деҳқон хўжаликлари томонидан 1000 гектар, фермер хўжаликлари томонидан эса 4,5 минг гектар токзор барпо этилди. Фақат бу эмас, энди бу соҳибкорлар ток қатор орасида деҳқончилик қилишни ҳам ўрганди.
– Қўшработда яқин йилларгача одамлар ток орасида экин экмаган, – дея сўзида давом этади туман ҳокими. – Сабаби юқорида айтганимдек, сув масаласи, қолаверса, бу борада тажриба, кўникманинг йўқлиги. Энди эса сув бор, гап шу ишга кўникма ҳосил қилиш, тажриба орттиришда. Бу масалада Наманган вилоятининг Чуст тумани деҳқонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ўтган йил Чустдан 70 оила келиб, туманимиз фермерлари билан бирга ишлади. Ток қатор ораларида сабзавот ва полиз экинлари парваришлади. Аҳолимиз бирга ишлаб кўрди – бизда ҳам картошка, пиёз, сабзи етиштириш, бу экинлардан мўл ҳосил олса бўлар экан. Фақат лалми эмас, плёнка остида ҳам қовун-тарвуз парваришлаш мумкинлигини амалда исботлашди. Бу йил фермерларимиз, халқимизнинг ўзи бундай фаолият билан шуғулланяпти. Намангандан 150 дан ортиқ оила келиб, ишлаяпти. Уларга ҳам имконият яратиб бердик.
Шу пайтгача туманимизга четдан картошка уруғи олиб келинмаган. Бунга эҳтиёж бўлмаган. Бу йил эса баҳорда ўнлаб фермерларимиз, аҳоли хориждан келтирилган, ҳосилдор картошка уруғи харид қилиб, экди. Яқин кунларда яна 500 тонна уруғлик картошка олиб келиб, экамиз.
Тумандаги «Ниҳол майсазори» фермер хўжалиги қўшработликларнинг ерга муносабати ўзгаргани туфайли ташкил этилган хўжаликлардан бири.
– Ўтган йил фаолият бошлаб, 35 гектар майдонда узумнинг майизбоп «Сўғдиёна» навини экдик, – дейди фермер хўжалик раҳбари Зайниддин Худойбердиев. – Тўғриси, иш бошлаганимда бироз иккиланиш, ишончсизлик бор эди. Негаки, бу жойларда боғ қилиб бўлармикан, экин етиштирса бўладими, деган хавотир бор эди. Тўртта артезиан қудуғи қаздириб, сув чиқариб олгач, ҳаракатимиз жонланди, қатъий мақсад билан ишладик. Ниҳолларни тўлиқ ундириб олгач, бу йил яна шунча майдонда бодом кўчати ўтқазиб боғ ташкил қилдик. Ушбу майдонлар учун давлат томонидан субсидия берилди ва томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйганмиз. Ток кўчатлари ва боғларимиз ҳосилга киргунга қадар қатор ораларида сабзавот ва полиз экинлари етиштиряпмиз. Бу ишда бизга туманимизга келган наманганлик деҳқонлар ёрдам беряпти. Шунингдек, бу йил илк бор бир гектар майдонда картошка экдик, ҳозирча ривожи яхши. Кўнгилдагидек ҳосил олсак, кейинги йилларда экин майдонини кенгайтирамиз. Бундан ташқари, сабзи, пиёз, помидор ва бодринг ҳам экиб, синаб кўряпмиз. Астойдил меҳнат қилсангиз, ҳар қандай экинни етиштирса бўлар экан. Ҳозир шу ернинг ўзида ток қаламчаларини тайёрлаяпмиз. Яна 36 гектар ерда узумзор ташкил қиламиз, 36 гектар ерда мевали боғ бўлади. Насиб этса, йил якунига қадар 142 гектар еримизда тўлиқ томчилатиб суғориш асосида узум ва мевали дарахтлар боғини яратамиз.
Чорвачилик бўйича ҳам туманда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хориждан келтирилган наслли қорамол ва майда шохли чорва учун аҳоли ва фермерларга бир қатор имтиёзлар, енгилликлар берилгани Қўшработда анъанавий бу тармоқни замон талабларидан келиб чиқиб, такомиллаштиришга туртки бўлди. Биргина ўтган йил туманга Қозоғистондан 5 минг қўй, Россиядан 1,5 мингга яқин эчки келтирилиб, бугунги кунда аҳоли ва фермер хўжаликлари томонидан кўпайтирилмоқда. Аҳоли наслли чорванинг афзаллигини кўрди ва ҳозирда яна 10 мингга яқин қўй олиб келиш учун қозоғистонлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган.
Туманда қишлоқ хўжалиги билан чекланиб қолмай, тадбиркорлик, саноатни ривожлантириш, замонавий хизматларни йўлга қўйиш борасида ҳам манзилли дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Биргина жорий йил бошидан буён тадбиркорлик субъектлари 134 тага кўпайди. Пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган 318 та якка тартибдаги тадбиркорнинг 248 таси фаолияти тикланди. Бошқаларига ҳам зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, 14 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини тиклаш учун туман тижорат банклари томонидан
229 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. 129 корхонанинг 2,8 миллиард сўмлик кредит маблағлари учун тижорат банклари томонидан 6 ойлик каникул муддат берилди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА