Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни туман ҳокими, Кенгаш раиси Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
27-Урганжи сайлов округидан туман Кенгаши депутати Н.Унабоев сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, “Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий-ижтимоий оқибатларини юмшатиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар. Бу ҳақда туман ҳокими ўринбосарлари И.Сайфуддинов ҳамда М.Шамсиеванинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини тизимли ташкил этишга доир берган топшириғи юзасидан туманимизда ҳам бир қатор амалий ишлар бошлаб юборилди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 42 та маҳалла фуқаролар йиғинида 1965 та (9802 нафар фуқаро) саховат ва кўмакка муҳтожлиги аниқланди. Жумладан, 1149 таси доимий ишга эга бўлмаган ва вақтинча доимий иш ўрнини йўқотган кам даромадли, 233 таси боқувчисини йўқотган, 197 таси ногирон ва сурункали касалликка чалинган, 196 таси кўп (5 ва ундан ортиқ) болали оилалар, 25 таси шароити оғир бўлган чет элдан қайтган меҳнат муҳожирлари, 165 таси бошқа сабабларга кўра муҳтож оилаларни ташкил этмоқда.
Шунингдек, ўрганиш давомида ушбу муҳтож оилаларнинг 4381 та меҳнатга лаёқатли аъзолари борлиги маълум бўлди. Хусусан, 645 нафари мутахассисликка эга бўлиб, ҳозирги кунда ишсизлиги, 2241 нафари шахсий томорқасида банд қилиш имконияти мавжудлиги, 770 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлашга хоҳиш-истаги борлиги аниқланди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати тадбирлари доирасида кўмакка муҳтож, камбағал оилаларнинг 3 ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 797 та тадбиркорлик субъектлари ва кўнгилли ҳомийлар беғараз ёрдамларини кўрсатишларини билдирдилар. Жумладан, туманимиздаги “Сув тараққиёт” оилавий корхонаси томонидан 500 қути, Самарқанд туманидаги “Навбодод наслли парранда” фермер хўжалиги 3 ой давомида зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш бўйича ўз ташаббусларини билдирди.
Молиявий кўмак бериш истагини билдирган тадбиркорлар учун туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида “Саховат ва кўмак” жамғармасининг “Халқ банки” туман филиалида махсус ҳисоб рақами очилди.
Сессия ишида “Туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва парваришлашда қолоқликка йўл қўйган фермер хўжаликлари фаолиятини муҳокама қилиш ҳамда ушбу экин майдонларида камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харита”ларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масала юзасидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши раиси Б.Адиловнинг ахбороти эшитилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.