Аҳолининг иш билан бандлиги, яъни шахснинг доимий равишда муайян касб фаолияти билан шуғулланиши даромад олиш ва фаровон ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Ишсизлик ва бекорчиликдан жамиятда ҳар хил ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, бузғунчи ғояларга билиб-билмай эргашиш, фуқароларнинг иш излаб чет элларга қонунга хилоф равишда чиқиб кетиши натижасида одам савдоси қурбонига айланиши ва бошқа салбий ҳолатлар вужудга келади.
Аҳолини иш билан таъминлаш фақат давлат органларининггина вазифаси бўлиб қолмай, балки жамоатчиликнинг, айниқса, корхона, ташкилот ва муассасалалар рахбарлари, яъни иш берувчиларнинг зиммасига катта масъулиятлар юкланган.
Бу борада уларнинг давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасида белгилаб қўйилган. Мазкур қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 декабрь куни 858-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисидаги ва мўлжалланаётган ходимларни ишдан озод этилишлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 2-бандида иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари) барча иш берувчилар ҳудудий Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисидаги ва мўлжалланаётган ходимларнинг ишдан озод этилишлари тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда тақдим этилиши лозимлиги кўрсатилган.
Мазкур Низомнинг 4-бандида иш берувчилар ҳар ҳисобот ойининг 30 (31)- куни феврал ойи учун 28 (29)- кун ҳолати бўйича ҳар ойнинг 5-санасидан кечиктирмай уни амалга ошириш шартлиги белгилаб қўйилган.
Жорий ойда бўш иш жойлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларда, белгиланган муддатда амалда мавжуд бўлган барча бўш иш жойлари, ҳатто улар ўтган давр учун тақдим этилган маълумотларда берилган бўлса ҳам такроран кўрсатилади.
Белгиланган шаклда тақдим қилиш лозим бўлган маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши шартлиги кўрсатилган.
Низомнинг 5-бандига асосан, агар иш берувчининг маъмурияти жойлашган манзили туман (шаҳар) чегарасидан ташқарида унинг тузилмавий бўлимлари (цехлар, участкалар ва бошқалар) мавжуд бўлса, ана шу тузилмавий бўлинмалар жойлашган ҳудуддаги Бандликка кўмаклашиш марказига ҳам белгиланган муддатларда бўш иш жойлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиб борилиши керак.
Низомнинг 6 ва 11-бандларида бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчи мансабдор шахсларга Давлат Меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 5 баробаригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган.
Мазкур қонунчиликка иш берувчилар томонидан сўзсиз риоя қилиниши Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ушбу иш ўринларига ишсиз фуқароларни ишга жойлаштиришга шароит яратади.
Фуқаролар томонидан бўлган мурожаатлар ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра маълум бўлаяптики, иш берувчилар бўш иш ўринлари тўҚрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, кўп ҳолатларда тақдим қилинган маълумотларда мавжуд бўш иш ўринларини кўрсатмаслиги ёки асосий, иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиб, баъзи иш ўринларини яшириш ҳолатлари учрамоқда.
Бундан иш берувчиларнинг мавжуд қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги бўлса, баъзи ҳолларда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахслар ўзларининг бошқа шахсий манфаатларини устун қўйиши деб хулоса чиқариш мумкин.
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиши ёки бошқа таъсир чоралари кўрилишидан асосий мақсад ¤збекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни ҳамда меҳнат қонунчиликларига барча иш берувчиларнинг бир хилда амал қилишига эришиш, бўш иш ўринларини аниқлаш ва уларга биринчи ўринда меҳнат бозорига кириб келаётган ишсиз аҳолини ишга жойлаштиришдир. Айниқса, таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш ҳозирги кунда энг муҳим масала эканлиги барчамизга маълум.
туман Бандликка кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.