Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Барчамизга аёнки, жаҳонда кескин иқтисодий рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида қонли тўқнашув ва низолар давом этмоқда. Минг афсуски, бундай нотинч кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.
Жамият тараққиётида хавфсизликни таъминлаш вазифаси ҳар доим ҳам биринчи даражали муҳим стратегик вазифа бўлиб келган ва ҳар доим шундай бўлиб қолаверади. Ҳатто диний манбаларда ҳам бу ҳақиқат долзарб вазифа сифатида қайд этилади. Ҳадисларда тинчликни ва саломатликни асраш ҳамма нарсадан ҳам улуғ вазифадир деб таъкидланган.
Мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини ҳамда унинг етарли даражада қудратли сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятга эга бўлган асосий йўналишларини таъминлашга қай даражада шай эканлигини баҳолаш мезонларидан бири – тегишли конституциявий-ҳуқуқий базанинг мукаммал бўлишидир. ЎзбекистонРеспубликасини мудофаа қилиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш Конституция, қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принциплари асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, Бош Қомусимизда миллий армиямизга – Қуролли Кучларимизга бағишланган алоҳида ҳуқуқий нормалар мавжуд. Зеро, миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати ҳисобланади.
Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик мамлакат барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик инсоният тараққиётининг энг муҳим омилидир. Ўзбекистон ҳудудида азалдан кўплаб миллат ва элатлар ўзаро иноқ, тинч-тотувликда истиқомат қилиб келган. Бинобарин, мазкур ҳолатни ҳозирги вақтда юртимизда яшовчи турли динларга эътиқод қилувчи барча миллатлар ва элатларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, бугунги тинчлик-осойишталик ўз-ўзича таъминланаётгани йўқ. Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.
Инсон учун она-Ватанидан азизроқ макон йўқ бу дунёда.
Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсакда – кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос бўлади.
Ширинқул ТОЛЛИБОЕВ,
ЎзбекистонРеспубликаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти курсанти.
ЎзбекистонРеспубликаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти курсанти.