Ҳа, Заркент шаҳрида туман халқ таълими бўлимига қарашли 34-умумтаълим мактаби ёнида жойлашган учта ертўла атрофидан ўтсангиз эҳтиёт бўлишни тавсия қиламиз.
Дарҳақиқат, катта йўл билан чамаси 400-500 метрлик оралиқ масофада қад ростлаган мактаб олисдан жуда чиройли, маҳобатли кўринади. Баланд қир-адирлик устига барпо этилган мактаб биносига 2015 йил илк тамал тоши қўйилиб, қисқа муддатлар ичида у илми толиблар ихтиёрига топширилди. Мазкур таълим масканига ташриф буюрсангиз кўзингиз қувнайди. Айнан шу ерда давлатимизнинг келажак авлод вакилларига яратиб бераётган имкониятларининг юксак намойишига гувоҳ бўласиз. Бироқ мактаб биносидан чиқишингиз билан чароғон қалбингизни тундлик эгаллайди.
Гап шундаки, мактаб ҳудудига яқин йўл ёқасидаги чуқурлиги 8-10 метрлар келадиган учта ертўланинг мутасадди ташкилотлар томонидан ҳали ҳамон эътиборсиз қолдирилаётганлиги кишини таажжубга солади. Энг ачинарлиси, ўша йўлдан ўқувчилар ҳар куни мактабга ўтишади. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашганимизда улар фарзандларини мактабга минг ҳадикда кузатишиб, яна кутиб олишларини таъкидлашди. Боиси ўша учта ертўла.
Мазкур ертўлалар ўтган асрнинг эллигинчи йиллари озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун қазилган бўлиб, вентиляция (ҳаво алмаштириш) вазифасини ўтаган. Айтишларича, шарқ томонга қараган омбор эшигининг диаметри дастлаб 8-10 метрлар атрофида бўлиб, ҳозирги кунда унинг усти тупроқлар билан кўмилиб, туйнукча ҳолига келиб қолган. Лекин ертўлаларнинг айлана диаметри йилдан-йилга каттариб, деярли йўл ёқасига келиб қолган. Уларнинг тубига қараш одамнинг юрагига ғулғула солиши табиийдир. Чамаси 10 метрлар чуқурликдаги ертўлалар тобора катталашиб, ғор шаклига кириб бораяпти. Энди тасаввур қилинг, шундоққина мактабнинг ёнида жойлашган ертўлаларнинг олдидан ўтаётган фарзандингиздан қанчалик хавотир оласиз.
-Ушбу муаммо юзасидан мутасадди ташкилотларнинг тақиллатмаган эшиги қолмади, - дейди мактаб директори С.Зайниддинов. – Бунга вилоят мутасаддилари ҳам негадир бепарво қарашмоқда. Ўтган йили вилоят телерадиоканалининг “Очиқ мулоқот” дастури орқали ҳам мазкур ертўлаларнинг кўмиб ташланишига оид фикр-мулоҳазаларимизни ҳам билдиргандик. Шундан сўнг муаммога тааллуқли ташкилот вакиллари бир-икки келиб, муаммони ўрганган бўлишди-ю, кейин негадир бу ердан қадамини узишди.
Шунингдек, ертўлалар ҳудуд аҳолисига ҳам қатор ноқулайликларни туғдирмоқда. Қиш мавсумида ертўлаларга ташланган чиқиндилар ёзнинг саратонида ҳавога ҳар хил бадбўй ҳидларни чиқарар экан.
Шу ерда ҳақли бир савол туғилади. Ертўлалар “жабр”идан кўп “жафо” кўраётган ҳудуд аҳолиси, мактаб мамурияти наҳотки бу борада ҳозиргача етарли чораларни кўрмаган бўлса?! Ахир ўша ертўлаларни вақтинча бўлса ҳам сим тўсиқ ёхуд шунга ўхшаш ҳимоя воситалари билан ўраб қўйиш мумкин эдику. Ёки қачонки бирон бир фалокат содир бўлгандагина қиламизми? Ахир, бу ердан ёш болалар ўтади. Улар бир-бирлари билан қувлашиб, эҳтиётсизлик қилишадику.
Яна бир гап. Мазкур таълим масканининг орқа томонида футбол майдончаси жойлашган. Лекин бу ерда юқори кучланишга эга, ҳудуд аҳолисига электр токи етказиб берувчи, лекин ҳеч қандай тўсиқлар билан ихоталанмаган (тўсилмаган) трансформатор ҳам борлигини кўриб таажжубда қолдик. Ишонинг, бу эртак эмас. Шунчаки, футбол майдончасидаги аянчли манзара. Жисмоний тарбия ўқитувчиси ўқувчиларни майдончага доим ҳадик билан олиб келади. Ўқитувчи бу ердаги муқаррар фалокатнинг олдини олиш мақсадида трансформаторга кун бўйи “қоровуллик” қилади. Лекин трансформаторни тўсиқлар билан ўраб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Аммо бунга ким масъуллигини ҳеч ким билмайди. Буни на мактаб маъмурияти, на туман электр тармоқлари корхонаси, на маҳалла масъуллари ўз бўйнига олади. Мактаб атрофидаги хавфлар менга ўқувчиларни қамалда қолган қўшинга ўхшатиб юборди.
Кўза кунда эмас, кунида синади. Ким билади, биз ўша кўзанинг синишини кутаётгандирмиз. Аммо кўзанинг синиши бизга анча қимматга тушишини ҳам унутиб қўймайлик. Ўарҳолда, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш афзаллигига ҳаммамизнинг ақлимиз етади. Газетамизнинг кейинги сонларини кузатиб боринг, биз мазкур муаммолар қандай ечим топганлигига ҳали яна қайтамиз.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.
Бобур МАМАДИЁРОВ олган суратлар.