Мактаб, умуман таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (41-модда) белгилаб қўйилган. Шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори айнан билим даргоҳларида, аниқроғи, мактаб дарсхоналарида яратилади. Бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни ёшларнинг қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.
Таъкидланган фикрлар шуни кўрсатадики, бунинг учун ҳар қайси устоз ва мураббий ҳар бир ўқувчи тимсолида, аввало, бола шахсини кўриши зарур. Демак, фарзандларимизни эркин, мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига аста-секин, аммо муттасил эга бўлиб борадиган, онгли яшайдиган, воқеа ва ҳодисаларга дахлдорлик туйғусига эга бўлган, ҳар томонлама комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифасидир.
Ушбу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида мактабимизда очиқ дарс машғулотлари ўтказилмоқди. Машғулотларда ўқитувчилар томонидан ноанъанавий дарс усулларидан фойдаланилиб, ўқувчиларнинг билимлари, тезкорлик билан фикрлай олиш қобилиятлари текширилди. Очиқ дарсларни мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари хато ва камчиликларни кузатиб боришмоқди.
Яқинда 4-синф ўқувчилари билан “Кўзача билан тулки” эртаги асосида очиқ дарс ташкил этдим. Дарснинг асосий мақсади ўқувчиларни эртакдан ибратли хулоса чиқаришга ўргатиш, меҳнат инсонни улуғлаши, меҳнат қилган одам қадрланиши ҳақида тушунча беришдан иборат бўлди.
Дарс чиройли ва қизиқарли бўлиши учун ўқувчилар 3 та - “Бойчечак”, “Бинафша” ва “Атиргул” гуруҳларига бўлиндилар. Дарсда саҳна кўриниши, турли ўйинлар, топишмоқлар, кроссвордлар, видеопроектор орқали янада бойитишга ҳаракат қилдим. Айниқса, саҳна кўринишлари билан ўқувчилар ўзларининг билимдон ва зукко эканликларини исботлашди. Дарс ноанъанавий тарзида ўтказилди.
Умуман очиқ дарслар юқорида келтирилган ноанъанавий усулда ташкил этилса, уларнинг мақсадли амалга ошишини ва улардан кутиладиган натижанинг янада самаралироқ бўлиши таъминланади. Бошланғич синф ўқувчиларига очиқ дарсларни ўтказишга, аввало, ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам тайёр бўлиши лозим. Яъни, бошланғич таълимда ишлайдиган ҳар бир ўқитувчи замон ва ёшлар билан ҳамнафас, илғор инновацион ғояларни ҳар доим амалиётга татбиқ этиши мақсадга мувофиқдир.
М.ТЎРАЕВА,
64-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.