Янги ўқув йили бошланиши билан келаси йил 100 йиллиги нишонланадиган 82-умумтаълим мактабида ота-оналар йиғилиши ўтказилди. Мактабда реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги туфайли йиғилиш 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкиллаштирилди.
Кун тартибига давомат, кийиниш маданияти, ота-оналарнинг ўз фарзандларига кўпроқ эътибор қаратиши бўйича масалалар киритилди.
- Мактабимизда янги ўқув йили бошланиши билан давомат масаласи алоҳида ўринга чиқди,-деди мактабнинг маънавият ва маърифат бўйича директор ўринбосари Э.Умрзоқова. - Ҳали дарслар энди бошланди. Лекин баъзи бир синфларда ўнлаб ўқувчиларнинг дарс жараёнига қатнашмаётганлигини қандай тушуниш мумкин. Баъзи бир ўқувчилар дарс пайтида яқин атрофдаги тўйхоналарда хизмат қилиб юришганини наҳотки ота-оналар билишмаса.
Тан олиш керак, баъзан фарзандларимизни ўйлантираётган, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқмаймиз. Нега кайфияти йўқлигини шунчаки тахмин қиламиз, холос. Ундаги қўрсликни ёшда бўладиган ўзгаришларга йўямиз. Қониқарсиз баҳо олиб келганда эса таъна-дашномлар қилиб, унинг руҳини туширамиз. Бу каби масалаларнинг энг тўғри ечимини ота-оналар йиғилишида ҳам топиш мумкинлигини англаб етмаймиз.
Дарсларга қатнашмаётган ўқувчилар ота-оналарининг фамилиялари ўқилганда афсуски, биронтасининг ота-онаси мажлисга келмаганлиги аниқланди.
– Униб-ўсиб келаётган ёш авлод оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилгандагина етук инсон бўлиб камол топади. Шунга қарамай, фарзанд тарбиясидаги энг катта масъулият ота-она зиммасига тушади. Лекин ҳамма вақт ҳам буни чуқур англаб етавермаймиз,-деди мактаб директори А.Темиров. - Афсуски айрим ота-оналар мактабдаги бундай йиғилишларга шунчаки ташкилий ишларни ҳал этиш учун ташкиллаштирилган тадбир, дея қарашади. Мана яқинда ўқувчиларнинг мактаб формаси жорий этилди. Жорий ўқув йилида бу ихтиёрий равишда, келаси йилдан эса мажбурий тарзда амалга оширилади. Лекин бу дегани ҳамма ўз билганича кийиниш деган нарса эмас.
Уяли алоқа воситаси ҳам энг долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Бу муаммони фақатгина ота-оналар билан келишибгина ечиш мумкин.
Умуман олганда йиғилиш танқидий руҳда ўтказилди. Дарҳақиқат, ота-она ва фарзанд орасидаги муносабат шу қадар нозик масалаки, кези келганда у жамиятга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шундай экан тарбия мувозанати барқарорлиги ота-она ва устозлар ҳамкорлигида самарали бўлиши керак.
Шунингдек, йиғилишда ота-оналар кенгаши аъзолари ҳам сайланди. Қўниш Дўсқулов 82-умумтаълим мактаби ота-оналар кенгаши раиси этиб сайланди.
Семинар-мулоқот шаклида ташкил этилган йиғилиш давомида ота-оналарга фарзандлари таълим-тарбиясига оид педагогик ва психологик тавсиялар берилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Мулоқот жараёнида фарзандларининг мактаб ички-тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишлари, дарсларга тўлиқ қатнашишлари, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларига оид саволларига жавоб қайтарилди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.