Мамлакатимиздаги барча таълим масканларида 5 сентябрь куни “Мустақиллик дарси” билан янги ўқув йили бошланди.
Туманимиздаги умумтаълим мактабларида ҳам янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Жорий йилда туманимизда қарийиб 9 миллиард 200 миллионлик сўмлик 6 та мактаб 4 тасида капитал реконструкция, 2 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, “Обод маҳалла” дастури асосида 120 ўринли 77-умумтаълим мактабида капитал реконструкция ва 82-умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари давом этаяпти.
Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 48-умумтаълим мактаби филиалининг очилиши мактаб жамоаси, ўқувчилар ҳамда маҳалла аҳлига хурсандчилик бахшида этди. Сабаби, 48-умумтаълим мактаби 350 ўринга мўлжалланган бўлсада, 800 дан зиёд ўқувчи 3 сменада таҳсил олар эди. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг аксарияти Булоқбоши қишлоғининг қоқ ўртасидан ўтувчи сойнинг иккинчи томонидан қатнар эди. Бу эса масофанинг узоқлиги, айниқса баҳор ойларида сойдан сел келиши оқибатида ота-оналарга анча хавотир уйғотар эди.
– Қишлоғимизда янги мактаб қурилгани болаларимиз учун ҳам, ота-оналар учун ҳам жуда қулай бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Бахтиёр ака Бўтабоев. – Шу чоққача фарзандларимиз уч-тўрт километр узоқликдаги мактабга қатнаб ўқир эди. Айниқса, ёш болалар қиш пайтида шунча жойга бориб келишда қийналишарди. Энди ўзимизнинг қишлоқда ҳам замонавий мактаб бор. Бундан ота-оналар хотиржам.
Туманимиз марказидан анча узоқда жойлашган “Қўштамғали” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қўрғон ҳамда Қўштамғали қишлоқларидаги 6 ҳамда 31-умумтаълим мактаблари ҳам қайта реконструкция қилиниб, янги ўқув йилида ўқувчиларни ўз баҚрига олди.
-Маҳалламиздаги ушбу мактаблар анча эскирганлиги сабабли ўқувчилар ҳамда таълим берувчи мураббийлар жуда қийналишар эди,-деди “Қўштамғали” МФЙ раиси Амир Мирзанов. -Янги ўқув йили арафасида маҳалламизда 2 та янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилгани барчамизни хурсанд қилиб юборди. Ўқув даргоҳларида кимё, биология, физика лаборатория хоналари ҳамда фан кабинетлари алоҳида жойлашганлиги ўқувчиларга анча қулайлик туғдиради.
Шунингдек, “Шована” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 9-умумтаълим мактабининг қайта реконструкция қилиниб, ўқувчилар ихтиёрига топширилиши катта тантанага айланиб кетди. Бу ерга мактаб жамоаси, ўқувчилар, маҳалла оқсоқоллари, ота-оналар таклиф этилди.
-Касбим тақозосига кўра ёшлар даврасида тез-тез бўлиб тураман,-деди маҳалла фаолларидан Аҳмад ака Ачилов. Уларнинг ўй-хаёллари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш баробарида устоз-мураббийлари билан ҳам суҳбатлашаман. Шундай дамларда такрор амин бўламанки, ҳеч қачон, ҳеч қайси замонда ёшлар тарбиясига, келажагига бугунгидек эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмаган. Кейинги тўрт-беш йилнинг ўзида биргина туманимизда қанчадан-қанча мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса ёшларимизнинг ўқишга бўлган меҳрини оширади, келажакда етук инсон бўлиб етишишига хизмат қилади.
Янги ўқув даргоҳларининг очилиш маросимларида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.
432








