Ҳаво ҳароратининг юқорилиги ташқи муҳитда юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микробларнинг кўпайиши, ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратади, озиқ–овқат маҳсулотларида, очиқ сув ҳавзаларида, айниқса ҳўл мева ва сабзавотларда микробларнинг кўпайиб кетишига олиб келади.
Ҳаво ҳароратининг исиши одамлар, айниқса болалар организми иммун тизимида маълум даражада салбий ўзгаришларга, ҳимоя кучларининг заифлашишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ҳўл меваларни, сабзавотларни ва бошқаларни тоза сувда яхшилаб ювиб, тозаламасдан истеъмол қилинганида, очиқ сув ҳавзаларидан, ариқ, ҳовузлардан ёки уйда хона ҳароратида узоҚроқ туриб қолган қудуқ суви истеъмол қилинганида, овқатланишдан олдин қўлларни яхшилаб совунлаб ювмаслик натижасида, ёш болаларнинг қўлига тушган нарсаларни оғзига солишлари оқибатида, яхши сақланмаган ва узоқ туриб қолган овқат ёки салатлар истеъмол қилинганда, идиш-товоқлар тозалигига яхши эътибор қаратилмаганда юқумли ичак касалликлари юқтириб олиниши мумкин.
Юқумли ичак касалликларининг асосий белгилари тўсатдан ич бузилиши ва қусишдир.Бунинг оқибатида одам организми қисқа вақт ичида кўп миқдорда сув ва минерал тузларни йўқотади, натижада бемор ҳолсизланади, тери қуруқлашиб, дағаллашади, оғзи қурийди. Бу ҳолат, айниқса болаларда тезроқ намоён бўлади. СоҚ-саломат юрган бола 2-3 соат ичида бутунлай ҳолдан тойиб, мадорсиз аҳволга келиб, 4-5 соат ичида ўта оҚир аҳволга тушиб қолиши мумкин.
Касалликни келтириб чиқарувчи микробларнинг асосий манбаи:
- шу дард билан оғриб ўтган ёки оғриётган беморлардир. Улар орқали микроблар атроф-муҳитга тарқалади ва сув, озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва бошқа рўзғорда ишлатиладиган ошхона буюмларини ифлослантиради;
-озиқ-овқат маҳсулотлари нотўғри сақланса овқатнинг бузилишига, яъни микробларнинг иссиқ ҳавода озиқ-овқат маҳсулотлари ичида кўпайишига сабаб бўлади. Бундай овқатларни истеъмол қилиш касалланишга олиб келади.Ўткир ошқозон ичак-касалликларининг тарқалишида чивинлар ҳам катта рол ўйнайди. Улар ифлос жойлардан, ҳожатхоналардан ёки ташқарида юрган бемор боладан кўплаб микробларни олиб, дастурхондаги тоза ювилган мевалар ёки бошқа маҳсулотларга қўниб, ташувчилик қилади ва микробларни тарқатади.
Юқумли ошқозон-ичак касалликларини кўпчилик “Ифлос қўллар касаллиги” деб ҳам аташади, ундан сақланиш учун:
- бирор нарсани билмасдан оғизга солишдан сақланиш.
-бозорларда ҳўл меваларни харид қилаётганда татиб кўрмаслик.
-сувни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш, иложи борича фақат қайнатилган сув ичиш лозим.
- чўмилганда сувнинг тозалигига эътибор қилиш.
-идиш-товоқларни ювгандан сўнг қайноқ сув билан чайиш ва усти ёпиқ ҳолда сақлаш (чивин ва чангдан ҳимоя қилиш).
-касалхонада ва умуман беморлардан масофа сақлаш, чақалоқларга сунъий овқат берилса, уларни бир марталикдан кўптайёрламаслик, сақланиб турган тайёр овқатни бермаслик.
-яхши сақланмаган ва узоғроқ туриб қолган овқатларни истеъмол қилмаслик.
-совитгичларни тоза сақлаш, унда ҳам тайёр овқат маҳсулотларини узоқ сақламаслик.
Агарда ўзингизда ёки яқинларингиз ва болаларингизда қайт қилиш, ич кетиши, тана хароратининг ошиши кузатилса, дарҳол мутахассис врачга мурожаат қилинг.
А.СУВАНОВ,
туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими мудири.
Р.СУННАТОВА,
туман саломатлик маркази врачи.