Вирусли гепатит “А” ўткир юқумли касаллик бўлиб, касалликни вируслар келтириб чиқаради, касаллик асосан жигар тўқималарини шикастлайди.
Касаллик иситма чиқиши, терида ва шиллиқ қаватларда сариқлик белгилари пайдо бўлиши, ахлат рангининг оқариши, сийдик рангининг сарғайиши каби белгилар билан характерланади.
Базида касалликнинг белгисиз, сариқсизлик, енгил шакллари ҳам кузатилади.
Инфекциянинг ягона манбаи бемор одам сариқлик олди давридаги беморлар ҳамда “А” гепатитининг симптомсиз шакли билан оғриганлар энг катта хавф туғдиришади.
Вирусли гепатит “А” тури ифлос қўл орқали юқади. Вируслар сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан соғлом одамнинг оғзи орқали ҳамда маиший мулоқот йўли билан ҳам юқиши мумкин.
Одамлар вирусли гепатит “А”ни асосан, ёз мавсумида юқтиради. Касалликнинг яширин даври узоқлиги туфайли гепатит “А” билан касалланиш кўрсатгичининг энг юқори чўққиси сентябрь–октябрь ойларига тўғри келади.
Эпидемик жараённинг ривожланиши баъзида декабрь-январь ойларида ҳам чўзилиши мумкин.
Вирусли гепатит “А” касаллиги билан ёш болалар касалланади. Асосан 3-6 ёшлилар, 7-14 ёшли болалар кўпроқ касалланади.
Касалликнинг олдини олиш учун қуйидаги профилактик чора-тадбирларни ўтказиш зарур:
- вирусли гепатит “А” тури билан касалланган беморни зудлик билан алоҳидалаб (изолация) қўйиш ва соғлом кишилардан ажратиб, юқумли касалликлар шифохонасида даъволанишини таъминлаш.
- бемор билан мулоқотда бўлганларни клиник лаборатория усулида касалликнинг дастлабки даврларида фаол аниқлаб, уларга нисбатан қилинадиган чоралар кўпроқ самара беради. Ушбу касалликда асосий юқтириш омили сув бўлганлиги туфайли энг аввало, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ва қайнатилган сувдан фойдаланиш самаралироқдир.
- сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш, шахсий гигиенага катта риоя қилиш ва аҳоли яшаш жойларида, кўча ва гузарларда санитария-тозалаш ишларини мунтазам ўтказиб бориш, чиқиндиларни тўпланиб қолишига йўл қўймаслик ва чивинларга қарши курашишни тўхтатмаслик лозим.
-мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳовлиларида ва хоналарида, овқатланиш жойларида, чиқинди хоналарида санитария тозалигини сақлаш, зарарсизлантириш ишларини мунтазам ўтказиб бориш ва мактаб, мактабгача таълим муассасалари хожатхоналари ёнига қўл ювиш мосламаларини ўрнатиш, совун ва тоза сифатли сув билан таъминлаш зарур.
Вирусли гепатит “А” турига қарши курашишнинг самарали усули бу - ушбу касалликка қарши эмлашдир. Эмлангандан кейин иммунитет 15 йилгача касалликдан ҳимоя қилади. Вирусли гепатит “А” туридан ўзингизни ва оиладагиларингизни ҳамда атрофдагиларни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз ушбу касалликка қарши болаларингизни эмлатишга бефарқ бўлманг.
А. ҚОЗОҚОВ,
туман ДСЭНМ эпидемиология бўлими мудири.