Бугун мамлакатимизда катта ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда айрим иродаси суст фуқароларимиз гиёҳвандликка мубтало бўлаётгани барчани ташвишга солмоқда. Айниқса, гиёҳвандлик воситаларининг ёшлар ва вояга етмаганлар орасида тарқалиши катталарга қараганда хатарлироқ кечади.
Хўш, гиёҳвандлик ўзи нима?
Биринчи навбатда бу иллат киши организмида оғир асоратларни келтириб чиқарувчи касалликдир. У шахсни ҳам жисмонан, ҳам руҳан ҳолдан тойдиради.
Гиёҳвандликка мубтало бўлиш бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқаради:
а) гиёҳвандлик ниҳоят қийин даволанадиган касалликлар турига киради;
б) гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи шахс ишлаш қобилиятини йўқотади, оила қуролмайди, ижтимоий жиҳатдан фойдали ишларни бажаролмайди;
в) шахснинг психологиясида жиддий ўзгаришлар содир бўлади (шахс ўз ҳаракатларини англаш қобилиятини йўқотади, пул топиб гиёҳванд моддаларни сотиб олишга эҳтиёжи ортади);
г) агар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилардан фарзанд туғилса, у ҳам кўп камчиликларга эга бўлиб, гиёҳванд моддаларга талаб-эҳтиёжи пайдо бўлади;
д) гиёҳвандлик пул ва молга ҳирс қўйиш иллатини вужудга келтиради;
е) ҳар бир гиёҳванд бошқа шахсларни бу ишга жалб қилишга ҳаракат қилади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга қарши кураш олиб боришда энг аввало гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг мотивларини аниқлаш мақсадга мувофиқдир. Манбаларда қайд этилишича, истеъмол қилувчиларнинг 64,8 фоизи қизиқиш орқали, 11,7 фоизи касаллик туфайли, 14,6 фоизи ўз ўртоқларидан орқада қолмаслиги учун, 2,5 фоизи оғир кечинмалар туфайли, 2,4 фоизи гиёҳванд моддаларнинг зарарини билмаслиги оқибатида, 1,3 фоизи бошқа шахслар томонидан мажбурлаш оқибатида, 1,1 фоизи тиббий ходимлар кўрсатмасига мувофиқ, 1,6 фоизи эса бошқа мотивлар бўйича истеъмол қилишлари аниқланган.
Гиёҳвандликка олиб келувчи омиллар қаторида айрим одамларга хос иродасизлик, шунингдек ўзининг нуқсонли табиати, қобилиятсизлиги туфайли одамлар ўртасида мулоқот ўрната олмаслик каби салбий таъсирлардан қутилишга интилиш сингари ҳолатларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ўсмирларда эса гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи катталарга тақлид қилишга мойиллик, гиёҳванд моддаларнинг «мўъжизали таъсири»га ишонувчанлик, кўпчиликнинг иродасига сўзсиз бўйсуниш каби хусусиятлар, уларнинг ушбу оғу тузоғига тушиб қолишига сабаб бўлади. Гиёҳвандлар наркотик моддаларга дастлаб руҳан, сўнгра жисмонан боғланиб қоладилар. Pуҳий боғланиш деганда, инсоннинг гиёҳванд моддалар таъсирида дастлаб ҳис этган, ёқимли сезги ва кечинмаларини яна қайтадан ҳис этишга интилиш тушунилади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон шахсининг маънавий емирилишига олиб келади, шахснинг жамият билан алоқаси бузилиб, турмушда ва жамиятда ахлоқий нопокликларга йўл қўяди, жиноятларнинг ўсишига сабабчи бўлади. Гиёҳвандлик – ўта хавфли касаллик бўлган ОИТС (СПИД) касаллигини тарқатувчи асосий манбадир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар жамият учун ҳам, ўз шахси учун ҳам «мен»и йўқотилган, деб ҳисобланади. Бундайларнинг келажаги йўқ.
Маълумки, вояга етмаганларнинг гиёҳвандликка мубтало бўлиши асосан назоратсизлик оқибатида келиб чиқади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Энг муҳими, гиёҳвандлик умр заволи эканини ҳар ким англаб етиши, вақтида бундай номақбул йўлдан қайтиши лозим. Шундагина бу иллатнинг олди олинади.
Малоҳат ТОҒАЕВА,
Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.