Мамлакатимизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар бўлмоқда. Қишлоқ жойларда ҳам намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин ана шундай ислоҳотлар оширилаётган бир пайтда кўнгилни хира қиладиган баъзи бир холатлар учраб турибди. Бугун ён-атрофимизга назар солсак, кўчадами, ҳовлимиз атрофидами, деярли қаерга қарамайлик полиэтилен пакетларнинг ётганига гувоҳ бўласиз. Хўш, полиэтилен пакетлар фойдалими ёки зарарли?
Бугун полиэтилен пакетлар ҳаётимизга анча енгиллик олиб кирди. Озиқ-овқат ё бирор бир буюмни ташиш учун қулай, қўшимча жой эгалламайди. Хоҳлаган одам уни дуч келган жойга ташлаб юборади, хоҳласа йиртилиб кетгунича уни қайта ишлатаверади.
Лекин вақт ўтиши билан полиэтилен пакетлар инсон соғлиғи ва экологияга қанчалик зарарли эканини барчамиз билиб боряпмиз. Чунки уларни ишлаб чиқарилишида қўрғошин моддасидан фойдаланилиши бунга асосий сабабдир. Бу металл, мутахассислар таъкидлашича заҳарли хусусиятга эга бўлиб, унинг организмда тўпланиши кўпгина касалликларга олиб келади. Қўрғошиндан заҳарланиш оқибатида биринчи навбатда қон яралиши аъзолари, асаб тизими ва буйраклар шикастланади. Бунинг натижасида эса ҳозир кўпчиликнинг қон босимининг ошиши, инфаркт, инсульт, буйракларда тош пайдо бўлишига олиб келмоқда. Қўрғошиннинг организмга кўп миқдорда доимий тушиши онкологик касалликларни ҳам келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, полиэтилен пакетлар тайёрланиш жараёнида уларда турли ёрқин ранглардан фойдаланилади. Одамлар эса рангдор, чиройли тайёрланган пакетларга улар қанақа бўёқдан фойдаланилганлигини билмасдан озиқ-овқат маҳсулотларини солиб ёки ўраб кетишаверади. Унинг таркибида эса инсон соғлиғига жиддий зиён етказувчи токсинлар бўлади.
Афсуски, полиэтилен пакетлар саломатлигимизга салбий таъсири билан бирга, атрофимиздаги экологиянинг ифлосланишига ҳам сабабчи бўлмоқда. Маълумотларга кўра, Хитойда 2007 йилда бу пакетлардан фойдаланиш 30 фоизга қисқартирилган, кўп мамлакатларда эса зарарсиз бўлган қоғоз, пахтадан тикилган материаллардан фойдаланаётганини эшитаяпмиз. Қўшни Навоий вилоятида полиэтилен пакетлар ишлаб чиқараётган корхоналар камайтирилганининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Биламизки, одамлар томонидан ишлатилиб ташланган енгил пакетчалар қисқа фурсатда шамол билан узоқ масофаларга етиб боради ва бу кўчалар, йўл ёқалари, қир-адирлар, дарё бўйлари ифлосланишига олиб келади. Ҳудудимизда Тўқмон, Навкат, Ҳасанбобо, Қирқовул, Саксончел қишлоқлари ичидан сел сувлари ўтиб турадиган сойликларга аҳоли томонидан турли хил чиқиндилар ташланмоқда. Бу эса баҳор ойида ёғингарчилик туфайли сел келиши оқибатида чиқиндилар тўғридан-тўғри биз истиқомат қиладиган Оқтепа ҳудудига оқиб келмоқда. Бизнинг аҳолимиз сой сувидан ичади, мол-ҳолини, экинларини суғоради. Натижада кўпчилик турли хил касалликларга чалинмоқда.
Шунинг учун ҳам мутасадди ташкилот вакилларига, маҳалла фуқаролар йиғинларига аҳоли билан билан учрашиб, ҳашар уюштириб, сой бўйидаги чиқиндиларни йиғиштиришни, полиэтилен пакетларни ҳам дуч келган жойга ташламасдан, иложи бўлса улардан воз кечишни ташвиқот қилишларини сўрардим. Зеро, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширадилар” дея кўрсатиб ўтилган.
Умуман олганда уйда, кўчада, рўзғор ишларида полиэтилен пакетчалар, пластик идишлардан фойдаланар эканмиз, барчамиз унинг чиқинди сифатидаги нохуш хусусиятларини ҳам унутмаслигимиз керак. Унинг қулай эканлигини ҳисобга олиб, меъёридан ортиқ даражада фойдаланиш, юқорида кўрсатилганидек, йиллар давомида соғлиғимизга катта зарар етказади.
А.СУЛАЙМОНОВ.
нафақахўр.