Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг йирик корхоналар билан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ютуқларга эришишда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонуний асослар муҳим аҳамият касб этмоқда. Қонун устуворлиги тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишнинг кафолати бўлмоқда.
5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан “Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш асослари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Қўшработ туманида ҳам прокуратура органлари томонидан мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, инвестиция, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилган қонунлар ва ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлаш, шу орқали янги иш ўринлари яратилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда туман ҳокимлиги, адлия, солиқ, савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлими, коммунал хизматлар кўрсатувчи идоралар, Давлат хизматлари кўрсатиш маркази туман бўлими ҳамда тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди.
Семинарда дастлаб тадбиркорларга давлат рўйхатидан ўтиш ҳамда бошқа хизматлар ҳақида Давлат хизматлари кўрсатиш туман бўлими масъул ходими Ш.Эгамов тушунча бериб ўтди.
-Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб туман Давлат хизматлари кўрсатиш маркази орқали тажриба тариқасида 31 та қўшимча давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.
Айни пайтда марказимиз томонидан фуқароларга 63 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш мумкин. Айниқса, коммунал тармоққа уланиш, электрон рақамли имзо сертификати олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш каби хизматлардан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил этди. Марказга мурожаат этувчилар ойма-ой кўпайиб, биргина май ойи бошидан буён мингдан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатилди. Бунинг учун марказда барча зарур шароитлар яратилган. 10 нафар ходим тезкор хизмат кўрсатиб, замонавий ахборот технологиялари асосида ҳужжатларни қисқа фурсатларда расмийлаштирмоқда.
Жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан марказимизда ФҲДЁ органларига тегишли бўлган туғилганлик, ўлимни қайд этиш, архив ҳужжатлари, гувоҳнома бериш, ФҲДЁ далолатномасини тиклаш, ўзгартириш, тузатиш, қўшимчалар киритиш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш, ечиш, қиёслашга ариза топшириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, жисмоний шахсларга СТИР бериш, Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш каби 31 турдаги янги хизматлар жорий этилди. Бунинг учун тегишли соҳалар бўйича мутахассислар жалб этилиб, аҳолига тезкор хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Шунингдек, семинарда вилоят марказий банк ўринбосари А.Ҳайдаров тадбиркорларга кредит бериш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча берди. Асосий савол-жавоблар ҳам айнан мана шу масалада бўлди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган Н.Худойбердиев, Ж.Қозоқовлар кредит олишда муаммоларга учраётганлиги, бунинг учун ёрдам зарурлиги хусусида мурожаат қилдилар.
Ушбу мурожаат бўйича тегишли тартибда рўйхат олиниши, зудлик билан кредит масаласида ёрдам кўрсатилиши бўйича топшириқлар берилди.
Семинарда вилоят прокурорининг ўринбосари О.Ҳошимов, туман прокурори Ў.Раҳматовлар прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, тўсиқ бўлаётган ғовларни олиб ташлаш, бунинг замирида янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётимизни ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини муттасил ошириб боришдек муҳим мақсад турганлигини таъкидлашди. Бошқача айтганда, бутун халқимиз манфаатига дахлдор иш бу. Шундай экан, қонунда белгиланган вазифаларни тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш зиммамизга катта масъулият юклайди.
Тадбир сўнгида вилоят прокуратураси томонидан туманда 60 га яқин иш ўрни яратган “Қўшработтаъмир” МЧЖ раҳбари У.Нихалов эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Э.ҲАИТОВ,
туман прокурорининг ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси.