Жўш ҳудуди туманимиз марказидан олис ва тоқли зонада жойлашган. Ушбу ҳуддуда 8 та маҳалла жойлашган, 3292 та хонадон мавжуд. Оилалар сони 5515 тани, аҳоли сони 27212 нафардан зиёдни ташкил этади. Бу ернинг аҳолиси асосан боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келади.
Жўш қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли билан “Сайёр қабул” ўтказиб, уларнинг яшаш тарзи, ижтимоий аҳволи ва мавжуд муаммолари ҳамда уларни жойида ҳал қилиш масалалари билан қизиқди. Учрашувда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман давлат солиқ инспекцияси, халқ таълими бўлими, туман электр тармоқлари корхонаси ва бошқа тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.
“Сайёр қабул”да ушбу ҳуддуда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари, тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган муаммолар, мавжуд камчиликлар ҳақида саволлар ҳамда таклифлар билан мурожаат қилдилар.
Жумладан, фуқаро Мамаражаб Эшалиев Қўрғон қишлоғидан Қоракисса қишлоғи ўртасидаги йўлнинг ниҳоятда таъмирталаблиги, уни таъмирлашга техника ажратишда ёрдам беришни, “Қўштамғали” МФЙда истиқомат қилувчи Эргаш Бобожонов узоқ йиллардан буён 1 гектар ердан фойдаланиб келаётганлиги, унга фермер хўжалиги очиш учун ёрдам беришни, “Урганжи” МФЙда истиқомат қилувчи Ҳамза Чинниев “Янги ҳаёт” қишлоғи аҳоли сони кўплиги сабабли трансформатор кучланиши пастлиги туфайли қўшимча трансформатор ўрнатишда ёрдам беришлигини, “Ўртасой” МФЙда истиқомат қилувчи Рахмонберди Сафаров эски Работ қишлоғининг номини яна тиклаб беришга амалий ёрдам беришлигини сўраб мурожаат қилдилар.
Шунингдек, фуқаролар томонидан сув, ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотидаги жиддий камчиликлар, кредит масаласини ҳал этиш ҳақида ўз таклифларини баён этдилар.
Албатта, бу таклиф ва муаммолар иложи борича шу ернинг ўзида тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида ҳал этилди. Шу билан бирга учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида аҳоли томорқаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда суғориш мақсадида сув етказиб бериш чораларини кўриш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳудуддаги ўта муҳтож ва кам таъминланган оилаларга мезон асосида нафақалар тайинлашга жиддий эътибор қаратиш, қишлоқлараро ички йўлларни кўриб чиқиб, таъмирга муҳтож бўлган йўлларни имкониятдан келиб чиқиб таъмирлаш, яроқсиз бўлиб қолган электр устунлари ва трансформаторларни алмаштириш ёки таъмирлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга кредит олиш бўйича йўлланма ва тавсиялар бериш юзасидан тегишли идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Қабул сўнггида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари доимий диққат-эътиборда эканлигини таъкидлаб, бу борада туман ҳокимлиги ва мутасаддилари ҳам зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият юритишлари зарурлигини қайд этди.
