Давлатимиз томонидан вояга етмаганларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири сифатида доимий назорат марказида бўлиб келган.
Хусусан, бунда алимент олувчи шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан қонун ҳужжатлари мунтазам такомиллаштирилиб келинмоқда. 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан эса алимент ундириш ҳамда жавобгарлик тартиби янада кучайтирилди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Оила кодексларига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Мазкур қонун билан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун дастлаб маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги моддалар киритилди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар жорий йилнинг 11 июлидан бошлаб кучга кирди.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимча моддаларга асосан келгусида вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун тўланадиган алимент пулларини суд қарори чиққандан сўнг жами икки ойдан ортиқ муддат тўламай келган шахсларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши белгиланди. Шунингдек, ушбу кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, унинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблаҚидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблаҚидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда, шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.
Ундириш шахснинг ҳисоб-варақларидаги пул маблағига ва унинг бошқа мол-мулкига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қаратилади.
А.ЭШҚУВВАТОВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.