Маълумки, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлинмалари зиммасига қарздорликни камайтириш ва бартараф этиш, етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишига эришиш, энергетика тармоқларига ноқонуний уланишларга чек қўйиш ва олдини олиш, суд ижро ҳужжатлари бўйича ундирувларни тўла-тўкис таъминлаш каби вазифалар юкланган.
Электр энергияси, табиий газдан қарздорликларни ундириш бўйича Бюронинг туман бўлими томонидан ҳам тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Айниқса, электр энергияси ресурсларидан қарзи юқори бўлган аҳоли хонадонлари ўрганилиб, эътибор мавжуд қарздорликни ундирувга қаратилаяпти.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликнинг асосий қисми аҳоли хонадонларига тўғри келмоқда. Табиийки, қарздорлик бир ой ёки бир йилда юзага келмаган. Балки истеъмолчилар истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газни ишлатишадию, лекин тўлашга келганда қўл силтаб қўйишади. Бунинг натижасида эса катта миқдорда қарздорлик юзага келишига сабабчи бўлишади.
Шунингдек, баъзи бир аҳоли хонадони эгалари электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланишлари ҳам кузатилмоқда. Бюро ходимлари томонидан бундай ноқонуний уланишларга чек қўйилиб, етказилган зарар ундириб олинмоқда.
Ш.Собиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Тоз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тоз қишлоғида яшайди. У ўзининг яшаш уйида электр тармоғига ноқонуний равишда уланиб, туман электр тармоқлари корхонасига 502200 сўм сўм миқдорида зарар етказганлиги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари томонидан аниқланди. Натижада Ш.Собировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида, яъни 2 миллион 270 минг 300 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Албатта, ҳар бир соҳада тежамкор бўлишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Аҳоли хонадонлари вакиллари шуни унутмаслик лозимки, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улардан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш, ноқонуний истеъмол қилишга йўл қўймаслик нафақат оилалар фаровонлиги, балки давлатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Э.БАЗАРОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи.