Мамлакатимизда фаол инвестиция муҳитини яратиш ўз-ўзидан бўлиб қолмаслиги кундек равшан. Бунинг учун муайян стратегиялар, йўл хариталари ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалга ошириб борилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 5-февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шу йўлдаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
Юртбошимизнинг мазкур қарори билан “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. 2022 йилга бориб республикамизнинг бу нуфузли рейтингда 20-ўринга эришиши назарда тутилмоқда. Шу мақсадда бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
2019 йил 1 мартдан эътиборан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида: банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида: ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади; қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади; “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларидаги қурилиш объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг амалга ошириладиган топографик ва махсус суратга олишларни (зарур ҳолларда) янгилаш ишларининг қиймати ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар доирасида ер участкалари ва кўчмас мулк эгалари фаолиятига аралашмаган ёки тўсқинлик қилмаган ҳолда тўланади; қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кўчирмаси билан бир вақтда берилади.
Қарорда истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилиши ҳам белгиланган.
Мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги янги тартиб-таомилларга кўра:
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида берилиши мумкин;
жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк объектлари бўйича битим ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш билан боғлиқ гувоҳномаларни нотариал тартибда тасдиқлаш учун мурожаат қилганда, нотариал идоралар мажбурий тартибда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани ва тегишли ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юборади;
кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизмини жорий этиш орқали қоғоз шаклида мурожаат қилиш ва кадастр йиғмажилдини бериш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Тадбиркорларнинг ишини енгиллаштириш мақсадида 2019 йил 1 мартдан эътиборан бир неча тартиблар бекор қилинди. Хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб этиш, қурилиш-монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш, оммавий офертани татбиқ қилиш орқали қурилиш соҳасини назорат этувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари ўз кучини йўқотди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз 2022 йилгача Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитлар яратилган “Бизнес юритиш учун энг қулай ҳудуд” даражасига эришади.
Ш.ЭГАМОВ,
туман Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.