Мамлакатимизда фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг туб қатламига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга бўлган эътибор туфайли улар томонидан янги иш ўринлари очиш, барқарор даромад манбаларини яратиш муҳим омилга айланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда туман молия бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига фаолиятини ривожлантириш йўлларини услубий қўлланмалар, кўрсатма ва буклет, флаер ва брошюралар орқали тушунтириб, амалий ёрдам бериб келмоқда.
Имтиёзли кредитлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 150 бараварида (ҳозирги кунда ўртача 30 миллион сўмгача) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилади. Ушбу кредитлар йиллик 8 фоиз билан 3 йилгача муддатга 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан берилади.
Кредитлар ихчам иссиқхоналарни ташкил этиш, асаларичилик, чорвачилик (наслли), паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик, тикувчилик, ишлаб чиқаришнинг бошқа турларини йўлга қўйиш мақсадида мини-ускуналар харид қилиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тадбиркорлик йўналишлари бўйича ажратилмоқда.
Кредит олиш учун фуқаролар ариза, паспорт нусхаси, тумандаги сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан бериладиган тавсияномани тақдим этишади.
Тумандаги тижорат банклари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 702 нафар фуқарога 16 миллиард 207 миллион 645 сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шундан кам таъминланган фуқаролардан 615 нафарига 155 миллион 50 минг сўм берилди. Аҳолимиз асосан артезиан қудуқлари қазиш, иссиқхона барпо этиш, паррандачилик, балиқчилик ҳамда тикувчилик йўналишлари бўйича кредит маблағлари олмоқда.
Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш, сартарошхона, гўзаллик салони, автомобилларга хизмат кўрсатиш, мебель, темир, ёғоч, текстил ва қурилиш маҳсулотлари, озиқ-овқат (қандолат, ширинлик) маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун имтиёзли кредит ажратилишини сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам талаблари қондирилмоқда.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида туман молия бўлимида алоҳида малакали ходимлардан иборат шўъба ташкил этилди.
Шўъба томонидан аҳолини, хусусан биринчи навбатда кам таъминланган ва эҳтиёжманд хонадонларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда уйма-уй юриб тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Аброр ХОЛМАТОВ,
туман молия бўлими мудири.