Оила ободлиги мамлакат фаровонлигининг асосидир. Ҳар бир хонадонда дунёга келган янги меҳмон ота-она қалбида янги-янги орзулар уйғотади. Янада кўпроқ, яхшироқ меҳнат қилишга рағбат беради. Чунки бу ерда келажак камол топади, вояга етади. Оилани шу сабабдан ҳам муқаддас деб биламиз. Бироқ ҳамма оилада ҳам яшаш тарзи рисоладагидек кечавермайди. Айниқса, бугунги глобаллашув замонида жамиятда оилага шунчаки енгил қараб келаётган ёшлар бугун оила қуриб, эртага ажрим талаб қилаётганлар сони тобора ортиб бормоқда.
Ана шундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, туман тиббиёт патронаж ҳамширалари иштирокида ўтказилган тадбир ҳам айнан шу муҳим масалага баҚишлангани билан ҳам эътиборли бўлди.
Тадбирда вилоят фуқаролик суди раиси М.Тожибоев, Иштихон туманлараро фуқаролик суди раиси В.Асқаров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими О.Барноқулов ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиевалар иштирок этди.
-Аслида маҳалла ёш оилаларнинг бахт-саодати, тинч-тотувлиги билан мукаммал, - деди М.Тожибоев. - Қўни-қўшнилар орасидаги меҳр-оқибат, кексаларнинг, устозларнинг оқ фотиҳаси билан иш бошлаш, ҳар қандай шароитда оила манфаатларини устун қўйиш каби қадриятларимиз маҳалла номи билан туташ. Бир оила парокандалик ёқасига келиб қолганда, бунинг устига иккала томонда ҳам ярашиш учун жиддий рағбат бору, лекин йўлини топа олмай турган пайтда маҳалла яраштирув комиссиялари ишга тушса болаларни саргардонликдан, оилани эса парокандаликдан сақлаган бўлмайдими? Бугунги маҳалла яраштирув комиссияларининг фаолияти айнан эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилар экан, улар нафақат ажрашиш арафасидаги оилаларни, балки низоли қўни-қўшниларни, қариндош-уруғларни ҳам яраштириш ишларига бош-қош бўлиши лозим. Бугунги ажримларга ҳам айнан шу қариндош-уруғчилик, қайнона-келин муносабатларидаги нуқсонлар сабаб бўлаётгани сир эмас.
Бир сўз билан айтганда тадбир иштирокчилари ажримларнинг бугунги ҳолати, алимент ундируви, оилада эр ва хотин ҳамда қайнона ҳуқуқлари, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ўсмир қизларга тиббий хизмат кўрсатилишининг такомиллаштирилиши, сифати ва репродуктив саломатлигини яхшилаш, соғлом оиланинг бунёд бўлишига эришиш, бепуштликнинг олдини олишга доир саволларга етарлича жавоблар олинди ва мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
Тадбир давомида коллеж ўқувчи-қизлари ўртасида касалликларни эрта аниқлаш бўйича анкета асосида сўровнома ўтказилди.
УЙҒОҚЛИККА УНДОВЧИ ТАДБИР
Дилноза ҲАСАНОВА.