Янгиланиш ва яшариш фаслининг биринчи куни халқимиз учун ажойиб шукуҳ ва тароват бахшида этади. Чунки 1-март куни ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллуд топган. Бу кун барча ёшларимиз қалбида мангу муҳрланган десак адашмаган бўламиз. Чунки ўзбегимнинг севги, садоқат ва вафо куйчиси Зулфияхоним шеърларида бир олам маъно ва мазмун бор. Унинг шеърларини бутун халқимиз севиб мутолаа қилади.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли 15-умумтаълим мактабида ҳассос шоира таваллуд куни муносабати билан “Зулфияхоним издошлари” кўрик-танлови ўтказилди. Унда 15-умумтаълим мактабининг “Ишонч” ҳамда 69-умумтаълим мактабининг “Китобхон” жамоаларининг ўқувчи қизлари ўзаро беллашишди.
Қизларимиз ўзбек миллий урф-одатларимизга кўра, таништирув шартида кийиниш маданияти, саҳнага чиқиб келиши, сўзлашуви орқали Зулфияхоним тимсолини очиб беришди. 2-шартда “Зулфия замондошлари хотирасида” шиори остида саволлар берилди. 3-шартда иккала жамоанинг сардорлари, 4-шартда саҳна кўринишлари намойиш этилди. Сўнгги “Эркин мавзу” шартида эса қизларимиз ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини намоён қилишди.
Тадбир якунида барча шартлар бўйича юқори балл тўплаган “Ишонч” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчи қизларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
15-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.