Туманимиз марказида кейинги вақтларда кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда аҳоли учун янги уй-жойлар, турли ижтимоий объектлар, спорт иншоотлари ва таълим муассасалари қуриб, фойдаланишга топширилиши шаҳарчамиз кўркига кўрк қўшмоқда.Яқинда фойдаланишга топширилган туман телекоммуникация боғламаси янги биноси ҳам ана шундай улкан бунёдкорлик ишларидан яна биридир.
Маълумки, бугун ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, телекоммуникация тармоқларининг техник имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош хизмат турларини кўпайтириш ва тақдим этилаётган хизматлар сифатини таъминлаш — давр талабига айланган.
Замонавий ва миллий архитектура ечимлари асосида қад ростлаган бино қурилиши “Ўзтелеком” АК Самарқанд филиали қурилиш бўлими томонидан қисқа муддатда амалга оширилди. Қурилиш-таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларига 376 миллион сўм маблағ сарфланди.
- – Бугунги кунда телекоммуникация боғламамиз орқали туманимиз аҳолиси ҳамда корхона, ташкилотларга маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро алоқа, шунингдек, маълумотлар узатиш, IP-телефония ва интернет хизматлари кўрсатилмоқда, – дейди туман телекоммуникация боғламаси бошлиғи Б.Бобобеков. –Телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида филиал номенклатурасини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, восита ва тармоқларини модернизация қилиш, янгиларини қуриш, замонавий ютуқларни кенг жорий этиш орқали техник қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Телефон станциямиз ускуналари замонавий HUAWEI компаниясининг MSAN ташқи концентраторлари билан алмаштирилди.
Бугунги кунда тизимда кенг қўлланилаётган замонавий технологиялардан бири – NGN технологиясидир. Телефон, интернет, видеотелефон, IP TVга мўлжалланган мазкур технология асосида ишлайдиган станция туманимизда ҳам ўрнатилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали директори М.Алиев, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н. Эшназаровлар иштирок этди.
Б.МАМАДИЁРОВ.