Гиёҳвандлик – жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир. Биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш ёки уларнинг олдини олиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли қасддан жиноятлар содир этилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар содир этилади. Ниҳоят, гиёҳвандлик билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳвандлик моддаларининг содир этилишида намоён бўлади.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, устидан халқаро ҳуқуқий ва ички давлат назорати ўрнатилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо ҳаракатларнинг содир этилиши тушунилади.
Амалдаги жиноят кодексининг 270-276 моддаларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу меъёрлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзлайди.
Бугунги кунда дунё миқёсида қонун билан тақиқланганига қарамасдан гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқарувчи ва у билан савдо қилувчиларнинг сони кўпайиб бормоқда.
Бунинг асосий сабаби, ушбу жиноий бизнес яратиб берадиган жуда катта бойлик орттириш имкониятлари бўлиб, унинг иштирокчилари халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам, миллий қонунлар мажмуи билан ҳам, айниқса, “оқ ажал”нинг ҳалокатли оқибатлари билан ҳам ҳисоблашмай ҳамма ишни қилишга мажбур этмоқда.
Гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бугунги кунда энг долзарб умумбашарий муаммолардан бирига айланиб улгурди. Ушбу муаммо нафақат республикамиз, балки бутун дунё жамоатчилигини жиддий ташвишга солмоқда. Шу сабабли гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашни ташкил этиш бутун жаҳон ҳамжамиятидан барча куч ва воситаларни бирлаштиришни тақозо қилмоқда. Ушбу муаммо ҳудуд, миллат, дин, жинс ва бошқа чегараларни билмаслиги унинг қанчалик хавфлилигидан далолат беради.
Гиёҳвандлик муаммосининг тарихига назар ташласак, унинг ХХ асрга келиб умумжаҳон даражасидаги долзарб муаммога айланганлигининг гувоҳи бўламиз. Бунга эса қатор омиллар жумладан, фан-техниканинг жадал суратларда ривожланиши, кўпчилик мамлакатлар орасида интеграциялашув жараёнининг юз бериши, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги ҳарбий ҳаракатлар ва тўқнашувларнинг авж олиши каби ҳолатлар сабаб бўлди. Агарда гиёҳвандлик илгари уни етиштирган мамлакатлар доира билан чегараланган бўлса, бу даврга келиб халқаро кўламга жаҳоннинг барча мамлакатларига ўзининг зарарли таъсирини ўтказа бошлади.
Гиёҳвандликка қарши самарали кураш олиб бориш жуда кўп миқдорда моддий ресруслар талаб қилиши ҳамда кўпчилик давлатларда молиявий имкониятлар чегараланганлиги боис, унга қарши курашнинг ўзига хос тизимлари йўлга қўйилган. Ушбу мамлакатларда гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти маблағ билан эмас, балки оқилона, тежамкор ва энг асосийси самарали курашиши усул ва воситаларини ишлаб чиқиш ва фойдаланиш орқали амалга оширилмоқда. Бундай мамлакатлар тоифасига асосан ривожланаётган, шунингдек, унчалик йирик бўлмаган давлатларни киритиш мумкин.
Афсуски, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний кириб келиши, ишлаб чиқарилиши, тарқалиши ва нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши билан боғлиқ гиёҳвандлик муаммоси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтган эмас. Шундай экан, бугунги кунда гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш муаммосини чуқур ўрганиш жуда долзарб бўлиб, бу ана шу ҳодисанинг моҳиятини, унга хос белгиларни аниқлаш, республикамизда гиёҳвандлик тарқалишига ва ривожланишига, унинг ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсир кўрсатишига имкон туғдирувчи омилларни ҳар томонлама тадқиқ этишга замин бўлади.
Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари, жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.
Шерзод САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси бўлими бошлиғи, адлия подполковниги.
скачать dle 11.3